Тандиқий таҳлилларни тўғри қабул қилиб янгича ишлаш — давр талаби

10 Август, 11:03 • Пленум, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 86 марта кўрилди • Комментариев к записи Тандиқий таҳлилларни тўғри қабул қилиб янгича ишлаш — давр талаби нет

Бугун юртимизда сиёсий партиялар фаолиятини янада жонлантириш ишлари амалга оширилаётган муҳим жараёнларда ушбу тизимдаги иш услубини янгича ва самарали ташкил этиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар, чора-тадбирлар атрофлича ўрганилмоқда.

Жумладан, куни кеча бўлиб ўтган Фарғона вилоят партия Кенгашининг VIII сонли Пленум йиғилишида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Қайд этиш лозимки, Юртбошимизнинг мазкур “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузаси сиёсий партияларни жонлантирувчи ва қайтадан ҳаракатга келтирувчи куч ва қанот сифатида тизим фаолиятига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сиёсий партиялар йўналишида мавжуд долзарб масалалар, камчиликларга аниқ ечимлар ишлаб чиқиш, сайловолди дастуримизда илгари сурилган кўпгина вазифаларни, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга доир таклифлар ўрганиш зарурлиги Пленумда вилоят партия Кенгаши раиси Марифжон Холдаров томонидан таъкидлаб ўтилди.

Пленумда сўзга чиққан партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдураҳмон Қамбаров гуруҳнинг жорий йилдаги фаолиятини танқидий таҳлил этар экан, вилоятда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бўлган бир пайтда, ўтган давр давомида сессияларда прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, вилоят учун долзарб бўлган масалалар муҳокама этилмагани ёки, бирор муҳим масалада ташаббуслар билан чиқилмаганини эътироф этиб ўтди.

Пленум давомида вилоят партия Кенгаши Шоҳида Аббасова томонидан маҳаллий депутатлик гуруҳлари фаолиятидаги сусткашлик, партия билан узвий боғлиқликнинг етарли даражада бўлмаётгани, шу билан бирга жорий йилнинг май ойида партия ташаббуси билан “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан жамоатчилик назорати тартибида олиб борилган ўрганиш ишларида депутатларнинг жонбозлиги кутилганидек эмаслиги ҳам танқид остига олинди.

Шунингдек, йиғилишда сайловчилар билан олиб борилаётган юзма-юз мулоқотни янада кучайтириш, партия ҳамда унинг депутатлари фаолияти ҳақида аҳолига оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ҳисобот бериб борилишини таъминлаш, бошланғич ташкилотлар ташаббускорлигини ошириш, ёшларнинг сиёсий фаоллиги, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан ишлаш услубларини қайта кўриб чиқиш ва шу каби бир қатор муҳим масалалар чуқур муҳокама этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ масалалар йиғилишнинг ташкилий қисмида кўриб чиқилди.

Пленум сўнгида кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Тандиқий таҳлилларни тўғри қабул қилиб янгича ишлаш — давр талаби was last modified: Август 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »