ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

21 Август, 17:32 • Аёллар қаноти, Жиззах вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 163 марта кўрилди • Комментариев к записи ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Адолатли қайнона” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Иштирокчиларнинг фарзанд тарбияси, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, партия фаолиятига доир билими ва дунёқараши синовдан ўтказилди. Ғолибни аниқлашда аёлларнинг ўз маҳалласида ташаббускорлиги, ижтимоий дахлдорлиги, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ миллий анъаналар, ёшларнинг маънавияти, маданияти ва маърифатини янада юксалтириш орқали оилаларда баркамол авлодни улғайтиришдаги ибратли тажрибасига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, аждодларимиз меъросини ўрганиш, қадриятлар анъаналарини ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдириш борасида ҳам эзгу ишларини саҳнавий кўринишда намойиш этишди.

Танловнинг маҳалла, туман ва шаҳар босқичларида беш юзга яқин иштирокчилар қатнашди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан этиб белгиланган. Шу муносабат билан бугунги “Адолатли қайнона” кўрик танловида иштирокчилар партиянинг дастуридан келиб чиқиб учта шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

Зарбдор туманидан партия аъзоси Замира Маликова беллашувда юқори балл тўплаб танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

“Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби Замира Маликова:

Тинчлик ва тотувлик кўп нарсага боғлиқ. Аввало, уйингизга келин бўлиб тушган қизни ўз фарзандингиз каби кўришингиз керак. Унинг янги оилавий муҳитга мослашишига кўмаклашиш, оилада учраб турадиган турли келишмовчиликларни вазминлик ва ақл билан ҳал қилишга ўргатиш керак. Қайнона озгина руҳшунос ҳам бўлиши шарт. Биз маҳалла йиғини маслаҳатчиси билан ҳамкорликда оилалардаги муаммоли ҳолатларни ана шу йўл билан ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Кейинги бир йилда ҳудудимизда бирорта ҳам оилавий ажралиш қайд этилмади.

Бахмал туманидан партия аъзоси Санобар Эсонова иккинчи, Ғаллаорол туман вакиласи Бувҳажар Усмонова учинчи ўринни эгаллади.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 Муқимбой ИСМОИЛОВ,
Адолат” мухбири

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ was last modified: Август 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »