Қуёш ерга тушган кун…

10 Август, 16:31 • Адолат шарҳи, Андижон вилояти, Янгиликлар • 119 марта кўрилди • Комментариев к записи Қуёш ерга тушган кун… нет

Наврўз эди ўшанда. Бу байрамни йўқотмоқ мақсадида куйиб-ёнганлар олдида сафоланиб-сафоланиб байрам қилардик. Авлодлардан, ота-боболаримиздан мерос бўлган байрамга тош отганларга фақат бир инсон муносиб зарба бера олди. У мамлакатни мустақил деб эълон қилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эди.

…Ўша кун ҳам кечагидай ёдимда. Собиқ тузум талотўплар ичида қолганда, «эркимизни ўзимизга қайтариб беришармикин», деб ўн беш «оға-ини» республикалар боши қотган… Ҳатто  урушлар шарпаси кезиб юрар, эртага нима бўлишини биров билмасди. 1991 йил 31 августда ўзбекистонлик депутатлар Марказий кенгаш биносига йиғилдилар. Ислом Каримов «Мен 1 сентябрни мамлакатимизнинг мустақиллик куни, деб эълон қиламан» деди. Ҳамма жим… Залдагилар ҳайрону лол. «Энди нима бўларкин?» деб ўйларди улар. «Мустақиллик нима дегани?» деб боқарди нигоҳлар… Мен эса Андижоннинг чекка бир қишлоғида боламни бағримга босиб, овозимни чиқариб йиғлардим. «Тушимми ё ўнгимми?»

Ислом Киримовнинг жарангдор овози ҳаммани уйғотиб юборди:

— Нега мен олқишларни кўрмаяпман? Ахир ота-боболаримиз орзу қилган кун келди! – деди ишонч билан.

Шундагина зал қалқиб оёққа турди. Кўзларда севинч ёшлари ёнди. Қорачиқлар кенгайиб кетди гўё. Ғаламисларнинг овози чиқмай қолди.

Шундан буён 26 йил ўтди. Бу байрамни Биринчи Президентимиз номи билан боғлаб айтишга ҳақлимиз. Зеро, ундаги журъат ва жасорат элимизга кўчди. Халқ уйғонди. Қалблар ғурурга тўлди, юртимиз гўё қайта туғилди. Аждодларимиз руҳлари шод бўлди.

…Наврўз ҳам мустақиллик сўзи билан тенг уйғонди. Улар бир-бирини қучоқлаб-қучоқлаб йиғладилар, севиндилар. Йилдан-йилга гўзаллашиб бораётган бу икки байрам Ислом Каримовни халққа, халқни Президентга яқинлаштирди.

…2014 йил, март… Наврўз байрамини нишонлаш учун пойтахтдаги Алишер Навоий номли майдонда жуда катта тайёргарлик кетарди. Республикамизнинг барча вилоятларидан келган зиёлилар, тадбиркору хунармандлар, турли соҳанинг илғор вакиллари жамулжам бўлдилар. Биз бир оиладай бирлашиб, отамиз билан Наврўзни нишонлашга келган болалардай шод ва беғубор эдик. Баҳор эмасми, кўнгиллар уйғоқ, мусиқалар жаранги қалбларимизни қалқитиб-қалқитиб янграйди, беихтиёр рақсга жўр бўламиз. Ҳатто ёмғирли кунларда ҳам тайёргарликка шошиламиз. Майдон узра ёмғир ҳам, ўзбекона оҳанглар ҳам тинмайди. «Ишқилиб асосий тадбир куни ёмғир ёғмасин», деб ўйлаймиз. Ҳамманинг дилидан бир фикр ўтса, Яратганга етиб боради, дейишади. Аммо тадбир ўтадиган кун ҳам эрталабдан ҳаво айниди. Севалаб-севалаб турган булутларга қараб, «энди байрам қолдирилса керак», деб қўямиз. Тушдан кейин сал булутлар сийраклашгандай бўлди ва ҳамма майдонга йиғилди. Этларимиз жунжукиб, осмонга қараймиз. Оппоқ булутлар кезиб юрган кўм-кўк самога минглаб нигоҳлар илтижо билан термуламиз: «Ёғмай тургин…ёмғир…»

Байрам чорлови чалинди. Ҳамманинг кўзи  асосий трибунага қадалган. Узоқдан таниш чеҳра — Президентимиз кўринди. Майдон аҳли қалқиб ўрнидан турди. Олқишлар, қарсаклар янгради. Шу пайт ҳеч ким кутмаган ҳолат рўй берди. Уч кундан буён чеҳрасини кўрсатмаган қуёш ҳудди булутни бир четга суриб, ерга тушгиси келгандай ярақлаб чиқиб кетди. Майдон узра «Ажабо» деган бир шивирлаш гувиллади. Гўё қуёш осмондамас, ёнимизда тургандай ёп-ёруғ эди. Ёки қуёшли юртга, ўз халқини севган Отага ҳавас қилиб у  ерга тушганди.

Қалбимизни ҳайрат эгаллади. Бу қандайин буюк инсон эканким, қуёш ҳам бу чеҳра томон интилса?! Ёки Отамиз қуёш бўлиб нур таратяптимикин?! Ҳамма бахтли, нигоҳлар ҳароратли эди. Президентимиз ўз табригида шундай деди: «Дунёда бизнинг меҳрибон, меҳмондўст халқимиздай халқни топиш мумкинми ўзи? Аминман – ҳеч қачон!»

Бундай ўтли муждалар юракларимизга кириб борди. Кўзларимизга бир нега бор севинч ёшлари қалқиди. «Шукр, шукр» деган сўз дилимизда такрорланаверди, такрорланаверди…

…Байрам ниҳоялаб боряпти. Ҳамманинг кўзи Ислом Каримовда. Шу пайт у ўрнидан туриб, ҳар бир вилоят жойлашган қаторлар рўпарасига келиб алоҳида саломлашди, қўлини кўксига қўйиб эгилди. Шунчалар камтар эди у. Андижонликлар олдига келганда эса ўриндиқлар оралаб, юқорига бизнинг ёнимизга чиқа бошлади. Биринчи…иккинчи ва учинчи қатордан ҳам чаққонлик билан ўтди-да, етолмаганларга қўлини узатди. Бу қўллар орасида менинг ҳам қўлларим бор эди. Биз ҳайрон эдик. Чунки Президентимиз айнан андижонликлар билан ана шундай саломлашди. Ва рўпарамизда мусиқа оҳангига ўйнаб кетди.

Бутун дунё телеканаллари орқали тарқалаётган байрам дастурида ўз халқи билан бахтиёр хиром этаётган Президентимизга ҳамманинг ҳаваси келди.

Электрон манзилимга хорижда таҳсил олаётган шогирдларимдан хабарлар тўлиб кетибди:

«Биз ҳам бирга ўйнаяпмиз»

Сардор. Париж

«Қандай гўзал Ватанимиз бор. Ҳаммага мақтаняпман»

Шоҳруҳ. Япония

«Ўғлимнинг исмини Исломбек қўйдим»

Шерзод. Америка

Биз эса меҳрли кўзлари билан халқига хушнуд боқиб турган отамиз билан бирга ўйнадик. У дамларнинг сурурини сўз билан ифодалаб бериш қийин. Юракларимиз-да потирлаб қафасдан  чиққудай сакрарди, нигоҳларимиздан муҳаббат порларди фақат, қўлларимиз самоларга қанот бўлиб учарди гўё.

Осмон эса.. Осмон пастлаб қолгандай яқин эди ўшанда. Қуёш ерда нур сочарди…

Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят Кенгаши иш юритувчиси,

Ўзбекистон Журналистлар Ижодий уюшмаси аъзоси.

Қуёш ерга тушган кун… was last modified: Август 10th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »