Уюшмаган ёшлар манфаатлари

8 Август, 15:49 • Давра суҳбати, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 166 марта кўрилди • Комментариев к записи Уюшмаган ёшлар манфаатлари нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сергели туман Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сергели туман Кенгаши билан ҳамкорликда тумандаги “Green park” боғида “Ёшлар билан суҳбат: муаммо ва таклифлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, Сергели туман ҳокимияти сиёсий партиялар масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Демак, келажагимиз эгаларининг фикрлари ва истиқболдаги режаларни аниқлашда уларни ўйлантираётган муаммо ва таклифларни ўрганиш барча ташкилотлар қатори сиёсий партиялар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Хусниддин Маликов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Шайхонтоҳур туман Кенгаши раиси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш, улар қалбига қулоқ солиш, дардини тинглаш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашда янада масъулиятли бўлиш хусусида танқидий фикрларни билдирдилар.

Ўзбекистон “Адолат”  СДП вакиллари ушбу фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда партиялар қошида ташкил этилган “Ёшлар қанотлари”нинг фаолиятини жонлантириш кераклиги, ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бориш, уларнинг дарду ташвишларини ечишга интилиш борасида ўз чора-тадбирлар режасига ўзгартиш киритди.

Жумладан, Тошкент шаҳар партия Кенгаши Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларидан келиб чиқиб, “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди. Унга кўра жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам беришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида партия фаоллари ва депутатларини жалб қилган ҳолда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Тошкент шаҳар миқёсида тумандаги битта маҳаллага бориб, хонадонма-хонадон юриб, улар билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш, уюшмаган аҳоли билан мулоқотларни янада жонлантириш хусусан, уюшмаган ёшлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда сиёсий ўқувлар  ўтказиш вазифаларни ўз олдимизга белгилаб олдик.

Шунингдек, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёш нотиқлар”,  “Адолат билимдони”, “Йилнинг энг яхши ғоя инноватори” кўрик-танловлари, “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олий ўқув юртларида тадбирлар ташкил этиш, ёшлар орасида тушкунликка тушиш, ўз жонига қасд қилиш, норасмий гуруҳларга кириб кетиш сабабларини ўрганиш, олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари билан ҳамкорликда жамоатчилик асосида психологлар қабулини ташкил этиш ва бошқа йўналишларни бажаришни ўз олдимизга вазифа қилиб олдик.

Ойгул Пернибекова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сергели туман Кенгаши раиси:

— Тадбирда асосий эътибор уюшмаган ёшлар қизқишларини ўрганиш, уларни ўйлантираётган муаммоларга ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ечим топишга қаратилди. Жумладан, ёшлар билан мулоқот давомида юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, эртамиз эгаларини ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни юксак маънавиятли, миллий қадриятларга ҳурмат, халқимизга садоқат руҳида тарбиялаш олдимизда турган устувор вазифалар эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Зеро, Ёшларни баркамол авлод этиб вояга етказиш саъй-ҳаракати туфайли мустақиллик йилларида ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари, турли йирик мусиқа ва санъат танловлари, фестиваллари, кўргазмаларида дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилиб келмоқда.

Мулоқот давомида ёшлардан келиб тушган тадбиркорликни йўлга қўйиш, маҳаллаларда спорт тўгараклари, уюшмаган ёшлар қизиқишларидан келиб чиқиб лойиҳалар ташкил этиш каби бир қатор фикр-мулоҳазалар ўрганилди ва уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.

Уюшмаган ёшлар манфаатлари was last modified: Август 8th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »