Вазифалар ижроси ташаббускорликка ундайди

1 Август, 18:08 • Пленум, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 193 марта кўрилди • Комментариев к записи Вазифалар ижроси ташаббускорликка ундайди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Учтепа туман Кенгашининг VII Пленуми бўлиб ўтди. Пленум ишида туман партия кенгаши аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва электорат вакиллари иштирок этди. Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 12 июлда бўлиб ўтган Олий Мажис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқиб, партия тизимини янада такомиллаштириш, электорат билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайловолди дастурда белгиланган вазифаларни сидқидилдан адо этиш, кадрлар салоҳиятини янада ошириш каби масалалар муҳокама этилди.

Айниқса, Президентимиз сиёсий партиялар фаолиятига танқидий баҳо бериши барча партиялар қатори Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз иш услубига янгича ёндашишнинг вақти келганини яққол кўрсатди.  Жумладан, партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, хусусан, бошланғич партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ўртасидаги алоқанинг узвийлигини таъминлаш, туман кенгашлари фаолиятини янада кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Пленум ишида туман партия Кенгаши раиси Беҳзод Абдухаликов, 22-оилавий поликлиника БПТ раиси Лола Габитова, “Аёллар қаноти” раиси Хайринисо Худайберганова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ойдин Абдуллаева Юртбошимиз маърузаларидаги танқидий фикрларидан келиб чиқиб, туман партия кенгаши фаолиятининг жорий йил I чорак якунлари таҳлил қилинди ва партия ишини бугунги кун талаблари  асосида кучайтириш ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида шаҳар партия кенгаши олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Танқидий руҳда ўтказилган Пленум ишида эришилган ижобий натижалар қаторида туман партия ташкилоти ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани ҳам қайд этилди.

Партиянинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, улар билан доимий мулоқотда бўлиш, айниқса, долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал этишда ташаббускор бўлиш бугунги замон талабидир. Президентимиз депутатлар билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, айни пайтда бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Ойдин Абдуллаева ўз маърузасида шу муҳим жиҳат хусусида алоҳида тўхталди.

Депутатлар ҳамда депутатлик гуруҳи фаолиятини электоратимизни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда амалий ишлар ва ибратли ташаббусларга йўналтириш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади, сайловчи депутатнинг берган ваъдалари устидан нечоғли чиқа олиши, қандай амалий ишларга қўл уришига қараб партияга баҳо беради. Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳининг шаҳардаги партия ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жойлардаги депутатлик қабулхоналари ишини такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини ҳам янгича услуб ва воситалар билан бойитиш хусусида таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари партия тизимида аёллар ва ёшлар билан ишлаш, депутатлар ташаббускорлигини ошириш, бошланғич ташкилотлар ишини кучайтириш каби масалалар юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Миробод, Чилонзор, Бектемир туман партия кенгашларининг навбатдаги пленумлари ҳам ўз-ўзини танқид, амалий ишларга таҳлилий ёндашув ва қизғин фикрлашув тарзида бўлиб ўтди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.

Вазифалар ижроси ташаббускорликка ундайди was last modified: Август 3rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »