Ёш авлод тарбиясида ижодкорлар ўрнак бўлиши зарур

4 Август, 17:58 • Депутат минбари, Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 96 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёш авлод тарбиясида ижодкорлар ўрнак бўлиши зарур нет

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашуви ҳамда унда сўзлаган нутқи ҳаммамизни жуда руҳлантирди ва олдимизда катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Авваламбор, танқидий руҳда олиб борилган суҳбат чоғида давлатимиз раҳбари бастакорлик санъати, сўз санъати, тасвирий санъат соҳасининг барча муаммоларидан бохабар экани, шу билан бирга ҳар бир соҳага оид хусусиятларнинг нозик томонларини чуқур англагани аён бўлди. Шу давргача ижод аҳли қалбининг тубида ётган, айтиш ноқулай бўлган нуқсон ва камчиликлар аниқланди ва унинг сабаблари Президентимиз томонидан танқид остига олинди.

Президентимиз ҳар бир соҳа учун мустаҳкам асос бўладиган имтиёзларни белгилаб берар экан, ҳар бир соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш билан бирга, шу соҳанинг отахон устозларини ҳам бириктириб берди. Жумладан, юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларига нуфузли инсонларни раҳбар этиб тайинлаш ва ҳар бир мактабда иқтидорли ёш ижрочиларнинг истиқболини ривожлантириш борасида топшириқлар бергани ушбу мактабларнинг ривожланиши учун катта имконият беради.

Президентимиз ижодкорлар билан суҳбатлашар экан, уларга “жамият тафаккурининг эгалари” деган сифат ишлатилишининг бежиз эмаслиги, ижодкорлар ҳамма даврларда ҳам ўз халқнинг маънавий дунёсини, илмий салоҳиятини, тарбиявий аҳамиятини белгилаб келганини қайта-қайта таъкидлади. Ва шу орқали, ижодкор зиёлиларга ўзининг чексиз эҳтироми ва шу билан бирга, ишончи ва умидини ҳам изҳор этди.

Президентимиз инсонларнинг ҳар бири бугунги кунда ўз турмуш ташвишлари билан машғул бўлиб қолган бир даврда ижодкор инсонларнинг ҳаёт даражаси сифатини янада юқори поғонага олиб чиқиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг саломатлиги, хордиқ чиқариши борасидаги муаммоларни ечиш орқалигина улардан иш талаб қилиш мумкинлигини таъкидлади. Зеро, ижодкорларга ижоднинг бетакрор оламига кириш ва янгидан-янги асарлар яратиш имкониятини беришдек долзарб масалалар хусусида гапирди. Чунончи, ижодкорларни турли вилоятларга жўнатиш, муайян ҳудудда юз бераётган бунёдкорлик билан боғлиқ мавзуларда асар яратишга ундаш ва уларни рағбатлантириш масаласини кўтарди. Зеро, “бунёдкорлик ижодкорлар учун мавзу бўлиши керак. Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини яратишимиз керак”, — деган гаплари учрашувга ташриф буюрган ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмади.

Ҳар доимгидек, Президентимиз нутқида ёш авлоднинг тарбияси масаласи диққат марказида бўлди. Ушбу масала юзасидан давлатимиз раҳбари фикр-мулоҳаза билдирар экан, ижодкорларни ташаббускорликка ундади. Ҳар бир ижодкордан ҳар йили иккитадан шогирд тарбиялаб чиқариш таклифи ўртага ташланди.

Ёш авлоднинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган паст савияли кинофильмлар, енгил-елпи спектакллар танқид остига олинди.

Санъаткорларнинг ёш авлодини тарбиялашдаги иштирокини ошириш, уларга унвон бериш борасидаги ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини қайта кўриб чиқиш ва янги талабларни қўйиш таклифи ҳам ҳаммага манзур бўлди. “Санъатга садоқат” омили ҳозирги кунда барча инсонларнинг пировард мақсадига айланиши кераклиги уқтирилди.

Санъаткор одоби, кийиниш маданияти, юриш-туришига доир масала ҳам Президентимиз томонидан танқид остига олинди. Бу борада эл суйган санъаткор Санобар Раҳмоновадан ўрнак олиш, ёшларимизни миллий маънавиятимиз руҳида тарбиялаш кераклиги таъкидланди.

Бастакорлик санъати ҳамда тасвирий санъат соҳаларининг ривожланиши учун кўпдан кутилган хайрли иш – “Илҳом” фондининг яратилиши ижодкорлар учун мисли кўрилмаган совға бўлди. Зеро, сўз санъати намояндаларидан фарқли ўлароқ, бастакор ҳамда мусаввир, ҳайкалтарошлар ўзининг ижодий маҳсулотини яратар экан, унинг рўёбга келиши, ўзининг томошабинига етиб бориши учун ҳамиша молиявий кўмакка муҳтож бўлиб келган. Шундай экан, 20 млрд. сўмлик молиявий асос билан яратиладиган “Илҳом” фонди ўзбек санъатини қўллаб-қувватлаш ва уни тараққий эттиришга қаратилади. Ўзбек санъатининг маҳсулоти ёш авлодни тарбиялаш, юртимизнинг маънавий ҳаётини такомиллаштиришга хизмат қилади ва келажак авлодга бекаму кўст етиб боради.

Бундан ташқари, Президентимиз санъат соҳасига тегишли ҳар бир ташкилот ва муассасаларга ҳомийларни бириктирди. Бу эса, ўз навбатида, икки томонлама ривожланиш ва тараққий этишнинг кафолати этиб белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир соҳани чуқур ўрганиш ва муаммоларга киришиш натижасида, Ўзбекистон санъати ва маданияти олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, ҳар бир соҳа вакилига нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатар экан, ҳар бир соҳага нисбатан ўзининг чуқур ғамхўрлигини ифода этди.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутати,

Бастакор.

Ёш авлод тарбиясида ижодкорлар ўрнак бўлиши зарур was last modified: Август 4th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »