Ёш оилалар ва қизлар саломатлигига эътибор

17 Август, 12:31 • Аёллар қаноти, Бухоро вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 139 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёш оилалар ва қизлар саломатлигига эътибор нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида партия мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди.

Дарҳақиқат, соғлом фарзандларгина буюк келажакни қура олади. Аммо боланинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишида оиланинг роли беқиёс. Шундай экан, соғлом оила – соғлом жамият, деганларидек, мамлакатимизда бу борада жуда катта амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, эрта никоҳнинг олдини олиш, турли юқумли касалликларга қарши курашиш мақсадида давлатимиз томонидан олиб борилаётган бу ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиб келмоқда. Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июлдаги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, қизларни, айниқса, уюшмаган ёшларни маънавий-ахлоқий тарбияси, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида аниқланган мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Ёш оилалар ва қизлар” мавзусида I Республика форуми ташкил этилди. Ушбу форум доирасида 7-12 август кунлари ижтимоий-сиёсий аёллар билан учрашув ўтказилди. Фаолият олиб бораётган ёш олималар, оилалар билан илмий-амалий конференция, китобхонлик акцияси ташкил этилди. Шунингдек, ёш хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда турли касб-ҳунарлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Гули Тойирова, “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари:

Оила – бу муқаддас даргоҳ. Уни асриш, унга содиқ бўлиш барчамизнинг асосий вазифамиздир. Биз соғлом оилани яратишимиз учун доим эътиборли бўлишимиз муҳимдир. Айниқса, ёш ўғил-қизларимизни соғлом муҳитда тарбиялаш, уларни турли юқумли касалликлардан асраш бугунги куннинг давр талабига айланиб борган. Шундай экан, ёшларни аввало, оилага тайёрлаш зарур. Соғлом муҳитнинг яратилишида ёрдам қўлини чўзмоғимиз керак.

Осиё Мирзаева, “Саломатлик ва тиббий статистика” Бухоро вилоят бўлими мудири:

Ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад ёш қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимизда, дунёда юз бераётган ижтимоий-маданий ҳодисаларни қиёсий таҳлил қилиш, тенгдошлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга кўмаклашиш, уларни миллий ғурур руҳида тарбиялаш, ёш оилаларда ижтимоий-манавий муҳитни яхшилашдан иборатдир.

Тўғри, ёш ўғил-қизларимизнинг саломатлигига бериладиган эътибор олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади. Нафақат соҳа ходимлари, балки барчамиз бунга масъулмиз. Ушбу тадбирда соҳа мутахассислари ҳар бир келиб чиқадиган салбий ҳолатларга батафсил тўхталиб ўтишар экан, албатта, уларни олдини олиш борасида ўз фикрларини билдиришди.

Мен нафақат соҳа мутахассиси, балки депутатлик фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи билан бирга бунга катта эътибор бериб, уюшмаган ёшлар билан ишлашга ҳаракат қилиб келяпмиз. Жумладан, уларни оилага тайёрлаш, соғлом муҳитни шакллантириш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этиб, бевосита мулоқотлар олиб боряпмиз. Шундай экан, оилада соғлом муҳитни тарбиялаш, ёшларни оила деб аталмиш муқаддас даргоҳга тайёрлаш энг олий мақсадимиз сифатида шаклланиши шарт.

Нодира ХОЛОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати.

Бухоро Аҳоли репродуктив саломатлик маркази раҳбари.

Ёш оилалар ва қизлар саломатлигига эътибор was last modified: Август 17th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »