Ёшлар билан парламентда учрашув

28 Август, 18:50 • Давра суҳбати, Ёш адолатчилар, Партия лойиҳаси, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 109 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар билан парламентда учрашув нет

Ўзбекстон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппарати Сиёсий Кенгаши томонидан ёш авлодни сиёсий етук, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ўлкамизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита иштирокчисига айлантириш мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган партиянинг “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” фаоллари парламент фаолияти билан яқиндан таништирилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига саёҳат уюштирилди.

“Парламент ва ёшлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ёшларнинг сиёсий тафаккури ва баҳс маданиятини ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида ўтказиладиган муҳокамалар ва қонун қабул қилиш жараёнларида ҳамда партиялар ўртасида бўладиган мажлис ва тортишувларда йигит-қизларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатиш масалаларида қизғин мулоқот олиб борилди.

Тадбирда парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, жамиятимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўрни ва бурчлари, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳияти чуқур тушунтирилди. Шунингдек, тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ёшлари эришган муваффақият ва зафарлар замирида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик, яратилган кенг имкониятлар, юксак эътибор мужассамлиги ҳамда уларда келажакка ишонч ҳиссини тобора ортиб бораётганлиги ҳақида кенг ва атрофлича тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистонда ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилиятларини рўёбга чиқариш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш масаласига давлат сиёсати даражасида кенг эътибор қаратилган. Айниқса, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий позицияси, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортга жалб қилиш орқали улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Учрашувда ёшлар парламент биносига уюштирилган саёҳат таассуротлари ҳақида ўртоқлашишди.

Салай Маткаримов, Тошкент шаҳар партия Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси:

Ватанимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун жиҳатидан бевосита ёшларга дахлдор ҳисобланади. Албатта, бугунги шиддатли замонда ёшлар истак-хоҳиши, қизиқиши, қандай касб билан банлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизда турган масъулиятли вазифадир. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашув ҳам бугунги кун ёшларининг фикр-мақсадлари, келажакдаги режаларини аниқлашда, замонанинг етук шахслари сифатида вояга етишларида айни муддао бўлди, десам адашмайман.

Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгашининг 14 мингдан ортиқ аъзоси бўлиб, уларнинг 40 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Тошкент шаҳар партия Кенгашининг “Ёшлар қаноти” томонидан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ёшлар билан “Қулай ахборот муҳитида ёшлар онгида ижтимоий-сиёсий жараёнлар”, “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги – муҳим вазифамиздир”, “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз”, “Бугунги талаба – бўлғуси депутат”, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” турли акция, учрашув, тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Мазкур тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад ёшлар фикрини ўрганиш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш,  ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, ёт ғоялар оқимидан ҳимоя қилиш ҳамда мустақил ҳаётий позицияга эга бўлишларида кўмаклашишдан иборат.

Чарос Худойбердиева, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман партия Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли:

Ёшлар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палатасига уюштирилган саёҳат ёш авлодни қонун ижодкорлиги, бу борада тўпланган тажриба билан яқиндан таништириш, ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда керакли тажриба  ва кўникмани эгаллаб келажакда етук мутахассис сифатида вояга етишларига  хизмат қилади. Ўйлайманки, мен каби барча тенгдошларимнинг бу ерда тўғридан-тўғри қонун муҳокамалари ҳақида маълумот эгаллаши, депутатлар билан фикр алмашиб, мулоқот қилиши, мажлислар зали, кутубхона, умуман Олий Мажлис биноси билан танишишлари унутилмас тассурот қолдиради.

Тулаганова Арофат, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли:

Кундалик ҳаётимизда парламентнинг иш жараёни, депутатлар фаолияти, қонун муҳокамаларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борамиз. Аммо, таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан яқиндан танишиш, депутатлар билан мулоқот қилиш орқали юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси уйғониб, қабул қилинаётган қонунлар мазмунини теранроқ англар экансиз. Партиянинг фаол аъзоси сифатида Кенгаш томонидан ўтказиладиган кўпгина тадбирларда иштирок этиб келаман. Бироқ, ҳозиргина депутатлар билан бўлиб ўтган давра суҳбати аввалги учрашувлардан тубдан фарқ қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти, тайёрланаётган лойиҳаларнинг мақсад-вазифалари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутатлардан батафсил жавобларни олдилар. Парламентга уюштирилган мазкур учрашув иштирокчи ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалишига, юртимиздаги сиёсий жараёнлардаги узвийликни чуқур англашига замин яратди.

Феруз Жўраев,
“Адолат” мухбири

Ёшлар билан парламентда учрашув was last modified: Август 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »