«ЁШЛАР ПОЕЗДИ» АНДИЖОНДА

21 Август, 12:01 • Андижон вилояти, Муносабат, Мустақиллик байрами, Янгиликлар • 187 марта кўрилди • Комментариев к записи «ЁШЛАР ПОЕЗДИ» АНДИЖОНДА нет

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги олдидан

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг водий вилоятлари бўйлаб кезиб юрган «Ёшлар поезди» айтиш мумкинки, ҳар бир маҳалла ва хонадонларга байрам нафасини олиб кирмоқда.

Тарғибот акцияси гуруҳи аъзоларининг Андижонга етиб келиши шаҳар ва туманларда байрам тантаналарини бошлаб берди. Эл таниган жамоатчилик, илм-фан, маданият ва санъат вакиллари, шоир ва ёзувчилардан иборат меҳмонлар Андижон вокзалида кутиб олинди. Тадбир иштирокчилари орасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Ёшлар қаноти аъзолари ҳам кўпчиликни ташкил этаётгани аҳамиятли.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Шуҳрат Мақсудов:

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, «оммавий маданият» каби таҳдидлардан огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш, бугун ҳаёт талаб этаётган энг муҳим ва долзарб вазифадир. «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ёшлар билан очиқ мулоқотлар, мунозара ва мушоиралар, хайрия акциялари ўтказишни режалаштирганмиз. Мақсадимиз уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, онги ва қалбини мафкуравий таҳдидлардан, ахборот хуружларидан асраш, қизиқиш ва интилишларини тўғри йўналтиришга кўмаклашишдир.

Режиссёр Сайфиддин Мелиев:

Акция давомида чекка қишлоқларга кириб боришни ният қилдик. Уюшмаган ёшлар, имконияти чегараланган йигит-қизлар ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бугун Андижон ёшлари нима билан шуғулланяптилар? Орзу-мақсадлари йўлида уларга нималар ҳалал беряпти? Бу саволларга дўстона мулоқотлар, очиқ суҳбатлар давомида аниқ жавоблар оламиз, албатта.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ёшлар иттифоқи етакчиси Жавоҳир Шамсуддинов:

Ёшларнинг китоб мутолааси, китоб тарғиботига бўлган интилишларини кучайтириш ҳам етакчи йўналишлардан биридир. Маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиш, уларни янги адабиётлар билан таъминлаш ҳам акция доирасида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши раиси Меҳринисо Каримова:

Бугун асакалик адолатчи йигит-қизлар ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг чеки йўқлигини янада чуқурроқ англаб етдилар. Айниқса, иқтидорли ёшларнинг чиқишлари, ёш ихтирочилар томонидан тайёрланган кўргазмалар юқори баҳоландики, бу эртанги кунимиз эгалари қанчалар бахтли ва кучли эканлигидан далолатдир.

Тарғибот акциясининг биринчи кунги тадбирлари Хонобод шаҳри, Асака, Улуғнор, Булоқбоши ва Марҳамат туманларида бўлиб ўтди.

Акбаржон НАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби.

«ЁШЛАР ПОЕЗДИ» АНДИЖОНДА was last modified: Август 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »