“Ёшлар поезди” – Наманганда

16 Август, 13:13 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 291 марта кўрилди • Комментариев к записи “Ёшлар поезди” – Наманганда нет

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”. Ана шу шиор остида  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилаётган  “Ёшлар поезди” тарғибот акциясининг Фарғона водийси вилоятларидаги тадбирлари Намангандан бошланди. 14-15 август кунлари шаҳар ва қишлоқлардаги маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда тарғиботчиларнинг ёшлар билан учрашувлари бўлиб ўтди. “Ёшлар поезди”да пойтахтдан Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши масъул ходимлари, маънавият тарғиботчилари, психологлар, олимлар, эстрада хонандалари, спортчилар, актёрлар, шоир ва ёзувчилар, ёш ҳуқуқшунослар ташриф буюрдилар. Тарғиботчилар икки гуруҳга бўлиниб, биринчисига Ўзбекистон Миллий университети профессори Аҳмаджон Мелебоев, иккинчисига эса ёш олим Ёрқин Тошмуродов раҳбарлик қилмоқдалар.

Пойтахтдан келган тарғиботчиларга Ёшлар иттифоқининг вилоятдаги фаоллари ҳам ҳамкорлик қилмоқдалар. Улар орасида Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари ҳам бор. Акция доирасида фаолият кўрсатган кичик гуруҳлардан бирига сафдошимиз, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Дилноза Акрамова масъул бўлди. Маълумки, у партия вилоят Кенгашидаги “Аёллар қаноти”га ҳам етакчилик қилади.

Дилноза Акрамова, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раисининг ўринбосари:

 — Мазкур акцияни ташкил этишдан мақсад – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш, навқирон авлод вакилларини мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган имкониятлар, шарт-шароитларни  кенг тарғиб этиш,  уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга кўмаклашишдан иборат.

Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган ёшлар билан учрашув ҳам кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирди.  Тўпланганлар пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонлар билан очиқ мулоқот чоғида қатор муаммоларни ўртага  ташладилар. Уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.  Сўнгра  “Китоб-ҳаёт хазинаси” акцияси амалга оширилди. Меҳионлар  марказий шифохонанинг бошланғич ёшлар ташкилотига бадиий адабиётлардан иборат 100 дона китоб туҳфа қилдилар. У муассасада ташкил этиладиган кутубхонага “хамиртуруш”  бўлади ва яқин орада зиёхонанинг китоблар жамғармаси минг нусхага етказилади.

Мароқли учрашувлардан бири Янгиқўрғон тумани марказидаги янги ташкил этилган экопаркда бўлиб ўтди. Бу ердаги “Фаввора” мажмуаси ҳудудида ёшлар сайли ўтказилди. Тадбир аввалида  тарғибот гуруҳи аъзолари акциянинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Сўнгра пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар ижросида дилрабо куй ва қўшиқлар янгради.

Намангандаги 26-Меҳрибонлик уйида, Поп туманидаги 8-болалар мусиқа ва санъат мактабида, “Чортоқ” болалар сиҳатгоҳи, Норин туманидаги “Норинкапа” маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳамда қатор  бошқа жойларда ҳам ёшлар вакиллари билан кўплаб очиқ мулоқотлар  уюштирилди.  Байрамолди тарғибот гуруҳи  мулоқотлар ва хайрия акцияси билан чекланиб қолмасдан, ёшлар кайфиятини янада кўтаришга хизмат қиладиган мароқли концерт ва сайллар ҳам ташкил этди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашига қараганда,  “Ёшлар поезди” тарғибот тадбирлари билан  наманганлик ёшларнинг 11,5 минг  нафардан кўпроқ вакиллари қамраб олинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

“Ёшлар поезди” – Наманганда was last modified: Август 16th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »