Ёшларни ахборот хавфсизлиги билан таъминлаш – энг муҳим вазифа

22 Август, 16:37 • Бухоро вилояти, Давра суҳбати, Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 91 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшларни ахборот хавфсизлиги билан таъминлаш – энг муҳим вазифа нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблар экан, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда ёшларни, фарзандларни турли зарарли таъсирдан ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган. Дарҳақиқат, ёшлар юрт келажаги, уларнинг баркамол ва навқирон авлод бўлиб улғайишларида барча бирдек масъулиятни ҳис этмоғи лозим.

Партиянинг Шофиркон туман Кенгаши ташаббускорлигида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси остида туманнинг “Зарчабек” МФЙда “Ахборот хавфсизлиги ва интернет маданияти: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, партиянинг туман Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Давра суҳбатини ташкил этишдан асосий мақсад маҳалла ёшларини ахборот асрида салбий иллатлардан асраш, турли хавфли ахборот оқимидан ҳимоя қилиш, шунингдек, улардаги мавжуд муаммоларнинг олдини олиш бўлиб, сўзга чиққан маърузачилар бу борадаги масалаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, партиянинг Шофиркон туман Кенгаши раиси Зулфия Ашурова партия бу борадаги масалага жуда катта эътибор қаратиб келаётганлиги ҳамда лойиҳалар доирасида тадбирлар ташкил этган ҳолда ёш сафдошларимиз сонининг кўпайиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди. Туманда жами партиямиз аъзолари сони 632 нафарни ташкил этса, шулардан 249 нафардан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ёш адолатчилар эса партиямизнинг сайловолди дастурларидан келиб чиққан ҳолда унинг мақсад ва ғояларини тарғиб этиб, партия ёш хайрихоҳларининг тобора кўпайиб боришига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Улар томонидан ташкил қилиб келинаётган сиёсий ўқувлар, семинарлар, турли кўрик-танловлар ҳар бир ёш сафдошимизнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса ёшларни турли зарарли ахборотлардан асрашга ҳамда вақтдан самарали фойдаланишга кўмак бўлади.

Шофиркон туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бош мутахассиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова давра суҳбатида сўзга чиқиб, маҳалла ёшларига жуда катта эътибор қаратиш лозимлиги, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаб, уларнинг қизиқиши ва дунёқарашини инобатга олган ҳолда фаолиятга эътиборли бўлиш зарурлигини айтиб ўтди. Тўғри, интернетдан фойдаланишнинг ўз маданияти бор. Ҳамрогул Ашурова маҳалла ёшларини бунга тайёрлаш, интернетнинг муаммолари тўғрисида тушунча бериб ўтиш энг асосий вазифа эканлигини қайд этиб ўтди. Бу масала борасида “Зарчабек” МФЙда ҳам жуда катта эътибор берилмоқда. Хусусан, уюшмаган ёшлар билан суҳбат олиб бориш жараёнида уларни ахборот хавфсизлиги билан таъминлаш, интернет манбаларидан фойдаланганда унинг маданиятига риоя этиш борасида тегишли таклифлар берилганлигини таъкидланди. Оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

“Зарчабек” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Раъно Раҳматова оилада фарзандларга интернетдан керакли маълумотлардан фойдаланиш усулларини ўргатиш, бунинг учун имкониятлар яратиб бериш, маънавий ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, улар орасида пайдо бўлган баъзи муаммоларнинг ечимини топишга кўмаклашиш ота-она ҳамда маҳалла фаоллари қатори барча бирдек масъулиятли эканлиги айтилди.

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Тадбир фикр ва мулоҳазаларга бой бўлди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ёшларни ахборот хавфсизлиги билан таъминлаш – энг муҳим вазифа was last modified: Август 23rd, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »