Жамият тафаккури эгаларига яна бир эътибор

7 Август, 17:36 • Бухоро вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 92 марта кўрилди • Комментариев к записи Жамият тафаккури эгаларига яна бир эътибор нет

Давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашуви ўзининг қатор ижобий, самарали натижаларини бериб келмоқда. Шунингдек, соҳа ходимларига билдирилган танқидий муносабатлар уларнинг масъулиятни англаган ҳолда ўз вазифаларини вақтида бажаришларига туртки бўлмоқда. Хусусан, 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларида ҳам ижод аҳлининг фаолиятига танқидий ёндашиб, мавжуд камчиликаларни тилга олиб, уларни бартараф этиш борасида ўз таклиф ва вазифларини бериб ўтдилар. Бу эса ижодкорларнинг янада куч ва шижоат билан ишлашга ундайди, албатта.

Учрашувда соҳада бўлиб ўтаётган янгиланишлар ва бу борада яратилаёган имкониятлар хусусида тўҳталиб ўтилди. Хусусан, маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш мақсадида кейинги пайтда қарор ва фармонларнинг қабул қилинганлиги, уларнинг амалий натижаси ўлароқ Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони бунёд этилаётгани, у ерда адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилаётгани, шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Хоразм вилоятида оташнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш ишлари олиб борилаётганлиги айтиб ўтилар экан, шубҳасиз, ушбу йўналишни бундай қатъйят билан давом эттириш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбари маъркзада ижодий уюшмаларнинг бугунги кундаги фаолияти, уларда масъулият, ишчанлик ва ижодий муҳитнинг йўқолиб бораётганлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтар эканлар, бунинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Жумладан, уларнинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини раҳбатлантириб бориш, кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш зарурлигини эътироф этиб ўтдилар.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев истеъдодли ёзувчиларга кино, театр, мусиқа ва тасвирий санъат арбобларига ижтимоий буюртма бериш масаласини тизимли асосда йўлга қўйиш таклифини билдирар эканлар, бу борада ижод аҳлининг ижодий сафарларда юриб, янги асарлар яратишни таъкидладилар. Улкан ўзгаришлар асосида янги асарлар ёзилиши борасида тўхталиб ўтдилар.

Маълумки, бугунги кунда тарихий сиймолар акс эттирилган кинофильмлар сони тобора камайиб боряпти. Бу эса маънавий фикрлаш оламига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қўймайди, албатта. Мамлакатимиз раҳбари учрашув давомида айни шу масала борасида таъкидлар эканлар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Беруний сингари улуғ бобокалонларимиз қатори азиз авлиё-анбиёлар, Алишер Навоий, Бобур каби мутафаккирларимиз хотирасини кино экранларида акс эттиришга катта эътибор қаратиш зарурлигини тилга олдилар. Ва бу борада махсус ижодий гуруҳлар ташкил этиш таклифини ҳам билдирдилар.

Кино соҳаси фаолияти тилга олинар экан, қатор ижобий ютуқлар билан бирга ундаги мавжуд камчиликлар тўғрисида ҳам тўхталдилар. Яъни, ижодкорларнинг ўз соҳаларига жиддий ёндашмай, аксинча, бачкана ролларни ижро этаётганликлари қаттиқ танқид остига олинди. Шубҳасиз, бу кино санъатига катта зарар келтиради. Томошабинлар сонининг ҳам камайишига олиб келиши мумкин. Шу сабаб ҳар бир кинони ишлаш жараёнида унга ижобий ёндашиш зарурлиги талаб этилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари театр соҳасига ҳам тўхталиб ўтдилар. Аксарият театрларнинг репертуарларида ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, спектаклларда эса одамларни ўйлантирадиган ижтимоий муаммоларнинг йўқлиги, инсонга на маънавий, на эстетик завқ берадиган томошаларнинг берилмаётганлиги танқид қилинди. Ушбу муаммоларнинг олдини олишда қатъийлик билан ишлаш зарурлиги ҳамда фаолиятга ижодий ёндашмоқ лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек,  маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр – ибратхонадир” деган ҳикматли сўзларини шиор қилган ҳолда ушбу доно сўзларни фақат назарий эмас, балки амалда ҳам кўрсатиш зарурлигини алоҳида қайд этиб қўйдилар.

Учрашув барча ижод аҳлига янада масъулият туйғусини юклар экан, талабчан бўлиш ва соҳасидаги ижобий қирраларини кўрсата олиш имконини берди. Шавкат Мирзиёев томонидан “Жамият тафаккури эгалари” дея таърифланадиган соҳа ходимлари айни шу номга муносиб бўлишлари, албатта, берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда ижоднинг энг ноёб қирраларини кўрсата олишга интилишлари зарурдир.

Нодира МЎМИНОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати.

“Бухоро вилояти мусиқали драмма театрининг
саҳналаштирувчи режиссёри”,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

Жамият тафаккури эгаларига яна бир эътибор was last modified: Август 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »