Қадамлар одим ташлашдан бошланади

11 Сентябрь, 21:35 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 62 марта кўрилди • Комментариев к записи Қадамлар одим ташлашдан бошланади нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июль кунги Парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасида айни бир ҳақиқатни, яъни — “сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор. Бу партияда ишлаш учун асосий омил ва рағбат бўлиб хизмат қилиши керак.” деган фикрни таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур вазифа сиёсий партиялар тизимида фаолият юритаётган кадрларнинг ўз ишига бўлган меҳри ва лаёқатини, келажагига ишончи ва умидини янада оширади.
Мамлакатимиз ёшлари қатори мен ҳам Юртбошимизнинг бугунги кунда амалга ошириш бораётган юксак ислоҳотларига ўз ҳиссамни қўшгим, унинг жамоасида эканлигимни билдиргим келади. Тобора такомиллашиб, тараққий этиб бораётган миллий қонунчилигимиз, одилона бошқарув асосидаги давлатимиз сиёсатига қизиқишим катта. Шу боис, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг хайрихоҳи сифатида унинг дастурий ғояларига ҳамфикрман.

Яқинда Юртбошимизнинг сиёсий партиялар иштирокида ўтказган видеоселекторидаги маърузасини бутун вужудим қулоққа айланиб тингладим ва унинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда, ҳаётий режаларим бутунлай ўзгариб кетди. Очиғи, менда ҳам сиёсий соҳада ишлаш иштиёқи туғилди.

Интернетда мунтазам равишда adolat.uz сайтига кириб партия ва унинг худудий Кенгашларида олиб борилаётган ишлар, Фракция ва маҳаллий депутатлар фаолиятидан хабардор бўлиб борар эканман, бу партияга бўлган қизиқишим кундан –кунга кучайиб борди. Партияга аъзо бўлиш мақсадида Қува тумани Кенгашига борганимда раҳбарни учрата олмай Фарғонага қараб йўл олдим.

Дастлаб вилоят партия Кенгашига кириб борар эканман, йўлакдаги деворий ойналарда Фракция раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровнинг ўтган 2016 йилдаги Президентлик сайловларидаги суратларини кўриб худди, баланд дорга осилаётган ёш боладай саросимага тушиб қолдим. Ҳарбий таълим олганлигим ва ғурурим мадад бўлиб, “олға” дея вилоят партия Кенгаши раиси Мариф Холдаров қабулига кирдим.

Қарангки, партиянинг демократик муҳити унинг раҳбарларига ҳам шиордай сингиган экан. Очиқ юз ва теран нигоҳ билан мени қарши олган Холдаров келажакдаги режаларим билан қизиқди. Мен билган кўпгина мансабдор шахсларга хос бўлган манманликдан умуман йироқ бўлган бу раҳбар, кутилмаганда, “Сиз каби интилувчан ёшлар билан ишлаш менга куч бағишлайди. Балки, Республикада билимларингизни синаб кўриб, туман Кенгашида ишлаш имкониятига эга бўларсиз” — деса бўладими! Очиғи, бу ишончдан икки елкамда қанот пайдо бўлгандай ҳис қилдим ўзимни.

Шу кундан бошлаб ўз –ўзидан атрофимга, жамиятга адолат кўзи билан қарай бошладим. Менинг ижодий қобилиятим қай даражада билмайман, мақола ёзишга ҳам талабгор эмасман, кўпроқ тинглашга мойилман. Лекин бу ҳаётий воқеани баён этишни мақсад қилганимни боиси шундаки, туманимизда мен қатори ёшларнинг аксарияти ҳар қанча қизиқмасин, сиёсий фаол бўлишга интилишдан бироз ҳайиқадилар. Ўзларига сиёсатдан йироқроқ бўлган маъқул деган нотўғри фикр ўрнашиб қолган. Менинг ёзганларимни ўқиб уларда ҳам ташаббускорлик, Ватан келажагига дахлдорлик, етакчи бўлишга интилиш ҳисси кучайишини истардим. Ўзлари танлаган сиёсий партияга аъзо бўлиб, чўчимай фаоллар қаторига киришга ҳаракат қилишларини, бу йўлда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билишларини ҳохладим.

Холбуки, миллатимизнинг келажагини биз – ёшлар қурар эканмиз, давлатимиз сиёсатинини англашга интилишимиз, унда энг фаол қатлам биз бўлмоғимиз даркор. Зеро, Давлатимиз раҳбари айтганидек, -“Ёшлар қонун қабул қилиш жараёнларидан бошлаб партиялар ўртасида рақобат бўладиган мажлис ва тортишувларни ўз кўзи билан кўрсин, депутатлар билан мулоқот қилсин. Демократия мактабини фақат китобдан эмас, балки мана шундай жонли муҳитдан ўргансин. Шундагина уларда сиёсий тафаккур, баҳс маданияти шаклланади.

Шоҳрух ЮЛДАШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қува туман Кенгаши раиси в.б.

Қадамлар одим ташлашдан бошланади was last modified: Сентябрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »