Амир Темур – Буюк давлат арбоби ва адолат курашчиси

9 Сентябрь, 15:53 • Давра суҳбати, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 47 марта кўрилди • Комментариев к записи Амир Темур – Буюк давлат арбоби ва адолат курашчиси нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши томонидан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлинмаси билан ҳамкорликда “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Буюк Соҳибқирон Амир Темур адолат ва қудрат тимсоли” мавзусида давр суҳбати ташкил этилди.

Тумандаги 1-сонли “Абай” номидаги умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутатлари, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлинмаси, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими, партиянинг туман фаоллари, ўқитувчи-педагоглар, ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Давра суҳбатида Амир Темурнинг давлатни бошқаришдаги ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, босиб ўтган ҳаёт йўлининг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлари, адолатлилиги, салтанат ишларини амалга ошириши, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини кенг тушинтириш орқали ёшлар  онгига сингдиришга эътибор қаратилди.

Турсуной Казакова, Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати:

  • Дарҳақиқат, Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш, тарихимизни улуғлаш, маданиятимиз, куч-қудратимизга таянган ҳолда, буюк келажагимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлашдир. Бугунги тадбирда ёшларимизга буюк Соҳибқироннинг жасорати, матонати ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди. Албатта, бундай учрашувлар келажак авлодни маънан етук бўлиб камол топишларида катта аҳамиятга эгадир.

Тадбир давомида Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган “Темур тузуклари” асарини ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилганлиги ҳақида сўз юритилди. Ушбу китобни такрор ва такрор мутолаа қилиш таъкидланди.

Муҳаббат Шоюсупова, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими раиси:    

  • Партия томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда ўқувчи ёшларнинг Амир Темурнинг ҳаётига қизиқишлари менда катта таассурот қолдирди. Шахсан ўзим ҳар сафар “Темур тузуклари”ни ўқисам, ўзимга катта руҳий куч-қувват олгандек бўламан. Асарнинг ҳар бир сатрида улкан давлат арбобининг ҳаёт тажрибаси, пурмаъно фикрлари ҳар қандай китобхонни теран мушоҳадага чорлайди. Мен ушбу китобда келтирилган ҳеч эскирмайдиган ҳаёт ҳикматларининг мазмунини ўқувчиларга тушинтиришга ҳаракат қилдим.

Тадбирда йиғилганларга машҳур давлат арбоби, Ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим милсиз даражада юксалганлиги таъкидланди. Тарқоқ вилоятлар ягона давлатга бирлаштирилиб, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамланганлиги, савдо ва ҳунрамандчилик, ишлаб чиқариш ривожланганлиги, қўшни мамлакатлар билан алоқалар кенгайганлиги ҳақидаги маълумотлар берилди.

Учрашув якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан фаол иштирок этишди.

 

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Амир Темур – Буюк давлат арбоби ва адолат курашчиси was last modified: Сентябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »