Ҳаракатлар стратегияси халқаро жамоатчилик диққат марказида

22 Сентябрь, 16:44 • Муносабат, Янгиликлар • 40 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаракатлар стратегияси халқаро жамоатчилик диққат марказида нет

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент мақомида илк бор чиқиш билан иштирок этиши миллий ва дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.

Чиқиш давомида Президент Шавкат Мирзиёев Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидлади.

Президентимиз Стратегия доирасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган тадбирлар билан юқори даражадаги анжуман иштирокчиларини таништириб ўтар экан, чуқур ислоҳотлар замирида, энг аввало, инсон, унинг манфаатлари – бирламчи устувор вазифа эканлигини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, 8 ой олдин қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатимизни тараққий эттиришнинг барча жабҳаларини қамраб олган.

Давлатчилигимизнинг асосий тамойили – халққа хизмат қилиш – Ҳаракатлар стратегиясининг барча бандларида ўз аксини топган. Демакки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш тизими, ўз-ўзидан, давлатимизни ривожлантиришнинг бутун миллий стратегиясининг асосини ташкил этади.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан юксалтириш, жамият ва давлатнинг кенг миқиёсли ва жадал суръатли ривожланишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистонда барча фаолият соҳаларини либераллашитириш, мамлакатни модернизациялаш йўлида қабул қилинган. Бир сўз билан айтганда, ҳужжатда акс этган мақсад ва вазифалар Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари атрофида жамланган. Булар бутун бир давлатимизни, унинг суверенитетини, умуман давлатчилигимизни сақлаб қолиш, унинг салоҳиятини янада юксалтириш каби етук мақсадлар билан боғлиқ.

Стратегия, ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимиз ривожланишининг янги даврини бошлаб берди. Бу, назаримизда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ниҳоятда тез суръатларда ва юқори даражада давом этиши билан ҳам аниқланади.

Шу ўринда, халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан, дунёнинг айрим мамлакатлари томонидан БМТдек ташкилотга нисбатан ишончсизлик билдирилаётган бир пайтда, давлатимиз раҳбарининг Бош Ассамблеянинг мазкур сессиясидаги нутқида ушбу ташкилотга ишонч билдиргани, унинг “бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи” ўрин тутишини қайд этганлиги алоҳида аҳамиятлидир. Қолаверса, бу борада кенг муҳокама қилинувчи бошқа масала – Хавфсизлик Кенгашининг ислоҳ этилиши юзасидан Шавкат Мирзиёев унинг бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтирилиши зарурлигини қайд этиб ўтган ҳолда, шу билан давлатимизнинг бу масаладаги позициясини аниқлаб берди.

Марказий Осиё минтақаси давлатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолиши таъкидлаб ўтилганлиги ҳам чуқур рамзий маънога эга. Йиллар давомида ҳал қилиниши зарур бўлган ўта долзарб масалалар ечилиши ва шунинг баробарида, минтақавий вазиятнинг яхшиланиши бу ердаги мамлакатларнинг умумий кун тартибидан ўрин эгаллаши узоқ кутилган воқелик эди. Зеро, минтақавий тинчлик ва ҳамкорлик келгусида томонларнинг жаҳон сиёсатидаги ўрни ва ролини мустаҳкамлашда салмоқли ўрин тутади. Раҳбаримиз нутқида қайд этганидек, қўшни мамлакатлар ўртасида сиёсий ишонч мустаҳкамланди. Натижада, чорак асрга тенг трансчегаравий муаммолар — делимитация ва демаркация масалалари, сувдан оқилона фойдаланиш кабилар ўз ечимини топмоқда.

Шу ўринда, Орол фожиасига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг оқибатларини олдини олишда халқаро ҳамжамиятнинг роли муҳим эканлиги таъкидлаб этилганлиги ҳам бежиз эмас. Зеро, халқаро ҳамжамиятнинг айрим иштирокчилари орасида бу борада “мазкур муаммо бизга тегишли эмас”, “бу алоҳида бир давлатнинг ички муаммоси” қабилидаги кайфиятлар ҳукм сураётганлиги сир эмас.

Қолаверса, чиқиш давомида Президентимиз томонидан Афғонистон масаласига доир мамлакатимиз ёндашуви ўзгармаганлиги, яъни у ердаги муаммоларни ҳарбий йўл билан эмас, тинч йўл билангина ҳал қилиш мумкинлиги қайд этилди ва бунда талаб этиладиган асосий хатти-ҳаракатлар, хусусан, мамлакат ижтимоий-иқтисодий инфратузулмасини мустаҳкамлаш заруриятига эътибор қаратилди.

Бизнинг давлат бу қўшни мамлакатнинг савдо-иқтисодий фаолиятини жонлантириш йўлида унинг ҳудудида темир йўллар барпо этишдан тортиб, энергетика соҳасида яқиндан кўмак кўрсатиш, турли соҳаларда афғон кадрларини қайта тайёрлаб беришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган бир йилнинг ўзидаёқ, Ташқи ишлар вазирлиги доирасида Президентнинг Афғонистондаги махсус вакили позицияси ташкил этилганлиги, Қобул шаҳрида Ўзбекистоннинг Савдо уйи очилганлиги каби ҳаракатларимиз ҳам, албатта, ушбу қўшнимизга нисбатан сиёсатимизнинг янада чуқурроқ мазмун-моҳият билан бойитилганлигидан далолат беради. Умуман олганда, бутун ташқи сиёсатимизнинг негизида Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканлиги ётади.

Шундай қилиб, тараққиётимизнинг янги даврига старт берилди ва айтиш жоизки, ниҳоятда муваффақиятли ва жадал суръатли старт. Биздан талаб этиладигани, бу барча кучимиз ва шижоатимизни жамлаган ҳолда, Ҳаракатлар стратегиясини тўлақонли ва самарали амалга оширишдир.

Акмал БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

“Тараққиёт стратегияси” Маркази ижрочи директори

Ҳаракатлар стратегияси халқаро жамоатчилик диққат марказида was last modified: Сентябрь 22nd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »