Асрларни бўйлаган онахон

15 Сентябрь, 12:03 • Адолат шарҳи, Андижон вилояти, Янгиликлар • 63 марта кўрилди • Комментариев к записи Асрларни бўйлаган онахон нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Избоскан туман Кенгаши раиси Дилфузахон Аҳмедова Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида қувонч билан телефон қилиб қолди. Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик фидокорона меҳнати учун Яккатут қишлоғининг Тошлоқ маҳалласида  яшовчи 115 ёшли табаррук онахон – Хуринсо момо Эшмуродова Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу хушхабар нафақат яккатутликлар, балки бутун Андижон  аҳлини қувонтирди.

Хуринсо момонинг болалиги тенгқурлари қатори осон кечмади: йўқчилик,  оғир турмуш шароити, талатўп давр мурғақ қалбини изтиробга солди. Ёш туриб китоб, қалам  ўрнига қўлига кетмон, ўроқ ушлади — далада уззукун меҳнат қилди. Катта Фарғона канали қурилиши бошлангач, биринчилар қатори умумхалқ ҳашарига отланди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатди. Тинчликсевар эллар орзиқиб кутган ғалабани таъминлашга фидокорона меҳнати билан ҳисса қўшди. Урушдан сўнг қишлоқдаги жамоа хўжалигида сувчилик қилди, ипак қурти парваришлаб, пешқадам пиллакорлар сафидан мунтазам жой олди.

Ажойиб инсоний фазилатлари билан ҳамқишлоқлари ҳурматини қозонган Ҳуринсо момо бугун барчанинг ардоғида. 15 нафар набира, 30 дан зиёд чеварани бағрига босишга мушарраф бўлган онахоннинг  ҳаётида яқинда унутилмас воқеа юз берди. Истиқлол айёми арафасида  кўп йиллик самарали меҳнатларининг муносиб тақдирлангани онахон учун муносиб байрам совғаси бўлди.

— Онажонимизнинг  узоқ йиллик самарали меҳнатлари ўз баҳосини олганидан  мамнунмиз, -дейди  78 ёшни қаршилаётган қизи Шарофатхон Нишонова.- Истиқлол туфайли  умри қишлоқда ўтаётган оддий меҳнаткашларнинг қадри юксалди, уларга катта эътибор қаратилди, ғамхўрликлар қилинмоқда. Бунинг учун халқимизга, ҳукуматимизга, Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Куни- кеча онахонга юксак мукофотни топшириш тадбири бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов Ҳ. Эшмуродованинг файзли хонадонига ташриф буюриб, унга тантанали равишда  давлат мукофотини ва эсдалик совғаларини топширди, дил сўзларини изҳор этди.

Юксак эътибор ва эътирофдан қалби ғурур ва сурурга тўлган «Шуҳрат» медали соҳибаси юртимизда тинчлик ва хотиржамлик, элимизнинг хайрли ишлари бардавом бўлишини тилаб дуолар қилди.

 Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон «Адолат” СДП
Андижон вилоят Кенгаши фаоли.

Асрларни бўйлаган онахон was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »