Бола бошидан…

29 Сентябрь, 11:53 • Депутат минбари, Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи Бола бошидан… нет

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 сентябрида қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ривожлантиришда дастуриламал бўлди. Баркамол авлод таълим-тарбиясини тубдан такомиллаштиришга қаратилган мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича вилоятимиз мактабгача таълим муассасаларида ҳам салмоқли ишлар қилинаётир.

Самарқанд вилоятида бугунги кунда 551 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 таси махсус ва 9 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир.

Мактабгача таълим муассасаларида 4 минг 768 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатмоқда. 2-7 ёшли 285 минг 77 нафар болага 3 минг 259 нафар тарбиячи таълим-тарбия бериб келаётир. Тарбиячиларнинг 1 минг 27 нафарининг маълумоти олий, 2 минг 232 нафари ўрта-махсус маълумотга эга кадрлардир.

Сир эмаски, бугунги кунга қадар фарзандларимизга тўлақонли таълим-тарбия бериш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси билан боғлиқ муаммолар талайгина эди. Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида мазкур соҳани янада такомиллиштириш бўйича аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Дарҳақиқат, вилоятимиздаги 551 та мактабгача таълим муассасалари (МТМ)дан 318 таси замонавий типда қурилган биноларда, 286 таси эса мослаштирилган биноларда жойлашган. Инвестиция дастурига мувофиқ, 2017-2021 йилларда вилоятда 281 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, 7 та 740 ўринли янги МТМ бинолари қуриш, 251 та 24 минг 590 ўринли МТМни реконстуркция қилиш, 23 та 3 минг 710 ўринли МТМ биноларини капитал таъмирлаш ва уларни замонавий талабларга жавоб берадиган жиҳозлар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур тадбирлар учун жами 311,4 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

28 та МТМ биносида 22,969 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Ҳозирги вақтда ушбу объектларнинг барчасида лойиҳа-смета асосида қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда 3 та МТМ биноси қайта реконструкция қилиниши, 1 таси капритал таъмираланмоқда.

2017-2021 йилларда қисқа муддатли гуруҳлар тармоғини кенгайтриш орқали қамров фоизини оширишни мақсад қилганмиз. Бунда ҳар йили 84 та мактабгача таълим муассасаларида 4 минг 200 нафар болажон қисқа муддатли гуруҳларга жалб қилинади. 2021 йилда эса мактабгача таълим муассасаларига жами 115 минг 323 нафар бола қамраб олинади ва қамров фоизи 40 фоизга ошади.

Дарҳақиқат, Президентимиз яқинда таълим тизими масъуллари фаолиятини тубдан яхшилаш, энг илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Болаларнинг қизиқиш ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим ва тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш, шу орқали уларни она Ватанга муҳаббат, покиза орзулар руҳида камол топтириш, бугунги кундаги энг муҳим, энг долзарб масалалардан бири эканини таъкидлади. Зеро, фарзандларимизнинг мактабда қандай ўқиши, қандай юксак мақсадлар билан камол топиши кўп жиҳатдан уларнинг мактабгача таълим муассасасида оладиган тарбиясига боғлиқдир.

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида жами 413 та кичик кутубхоналар ташкил этилган. Уларда 1 минг 894 та бадиий адабиёт, 2 минг 525 дона эртак китоблар ҳамда 938 дона ўқув қўлланмалар мавжуд.

Таълим-тарбияга янгича ёндашув, ноанъанавий усулларни қўллаш, фарзандларимизнинг болаликданоқ интеллектуал салоҳиятини ошириш давр талабидир. Айни пайтда барчамиз ҳамфикр бўлиб, уюшқоқлик билан соҳада самарадорликни оширишимиз лозим. Унутмайлик, ҳар бир ота-она, ҳар бир педагог ва зиёли инсон эртамиз эгаларининг тақдири учун масъулмиз.

Дилрабо САЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

Бола бошидан… was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »