Бошқарувнинг очиқлиги йўлида

29 Сентябрь, 17:48 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 53 марта кўрилди • Комментариев к записи Бошқарувнинг очиқлиги йўлида нет

Кейинги вақтда республикамизда давлат бошқарувини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода  яқинда кўриб чиқилган  давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга хизмат қиладиган  «Давлат бошқаруви асослари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида  бошқарувнинг асослари, турлари, уларнинг вазифа ва  ваколатларини белгилаш мезонлари тартибга солинган. Тўғри, аввал қабул қилинган «Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда фаолият очиқлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатъий  меъёрлар белгиланган эди. Энди уни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш вазифаси мазкур лойиҳада ифодаланмоқда.

Кези келганда бир масалага эътибор қаратмоқ ўринли. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг фаолияти самарадорлигини ошириш зарур. Унинг муҳим жиҳатлари хусусида тизимли равишда иш ташкил этишни давр талаб қилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларга алоқадор ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини амалга киритиш ҳақида ҳам таклифлар инобатга олинса, маъқул бўларди.

Давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, масъулиятли, касбий малакаси юқори кадрларни жалб этиш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарур. Бу кадрлар хизмати, вакант лавозимларни тўлдириш танловини ўтказиш тартиби, захира шакллантириш, кадрлар ротацияси, малака ҳамда касбий маҳоратни ошириш тўғрисидаги намунавий Низомларни тасдиқлашни тақозо қилмоқда.

Юқорида таъкидланган қонун лойиҳаси бир қатор қарорлар қабул қилинишига замин яратиши шубҳасиз. Жумладан, ягона интерактив давлат хизматлари партали орқали Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳам эълон қилинган. Фуқаролар, жумладан, тадбиркорларнинг шахсий кабинетини яратиш ҳисобига жараённи такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашларида “Адолат қабулхонаси” ташкил этилгани, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда масъулият кескин оширилгани адолатчилар ҳам бошқарувнинг очиқлигини таъминлаш йўлидан бораётганилигини кўрсатади. Айни вақтда бу кенг жамоатчиликда бизга бўлган ишончни ҳам оширади.

Илхомжон АБДУЛАЗИЗОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.

Бошқарувнинг очиқлиги йўлида was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »