Бошланғич ташкилотлар сони яна биттага кўпайди

5 Сентябрь, 12:13 • БПТ, Бухоро вилояти, Давра суҳбати, Янгиликлар • 64 марта кўрилди • Комментариев к записи Бошланғич ташкилотлар сони яна биттага кўпайди нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ғоявий мақсадларини тарғиб этишда бошланғич партия ташкилотининг ўрни ва роли беқиёс. Дарҳақиқат, бошланғич партия ташкилоти партиянинг қуйи бўғини ҳисобланар экан, ўзининг ваколатларидан келиб чиққан ҳолда мулоҳаза, таклифларини юқори партия органларига билдириши, партиянинг сайловолди дастури ҳамда лойиҳаларидан келиб чиққан ҳолда ўз аъзоларини сафарбар қилиши, партия хайрихоҳларини жалб этиб, сафини янада кенгайтириши лозим. Айни шу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда партиямизга аъзолар сони кўпайиш баробарида БПТлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Таъкидлаш ўринлики, партия томонидан ташкил этиладиган тадбирлар ҳам партия хайрихоҳларини кўпайтиради, албатта.

Бухоро вилоят стоматология поликлиникасида партиянинг Бухоро вилоят ҳамда шаҳар кенгашлари ташаббускорлигида “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” лойиҳаси доирасида “Сиёсий фаолликни ошириш йўлида” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида аъзоларимиз сони 56 нафарга ошди.

Ушбу тадбирда партиянинг вилоят ва шаҳар Кенгаши ходимлари, фаоллари ҳамда поликлиника шифокор-ҳамширалари иштирок этишди.

Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очар экан, албатта, ҳуқуқий ҳамда сиёсий саводхонликни шакллантиришда партияларнинг ўрни беқиёс эканлиги тўғрисида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП бу борадаги масалага жуда катта эътибор қаратиб келаётганлигини таъкидлади. Хусусан, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси остида партия ходимлари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳнинг жойларда бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар олиб бораётганлиги, маҳаллаларда сиёсий ўқувларни ташкил қилиб келаётганлиги, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ўз ҳиссаларини қўшаётганлиги алоҳида қайд этилди. Партиямизнинг ғоявий мақсадларини тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётганлиги албатта партия фаолларининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида партиямизнинг сайловолди дастури ва уставида белгилаб берилган мақсад вазифаларни, шунингдек, партия лойиҳаларининг концепцияси тўғрисидаги тушунчалар бериб ўтилди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мақсад ва вазифаси Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг сиёсий онги, маданиятининг ривожи учун курашиш, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, малакали мутахассислар, бюджет соҳаси ходимлари, педагоглар, шифокорлар, инженер-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари вакиллари ва меҳнаткашларининг манфаатларини ҳимоя қилиш экан, тадбир давомида айни шулар хусусида батафсил тўхталди. Иштирокчиларнинг партия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий маданияти, сиёсий билими бойитилди.

Сиёсий билими янада мустаҳкамланган тадбир қатнашчиларига партияга аъзо бўлиш истаги туғилди ҳамда шифокор ва ҳамширалардан иборат 56 нафар фуқаро Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси бўлишди. Бухоро вилоят стоматология поликлиникасида партиямизнинг ғояларини тарғиб этишда ўз ҳиссаларини қўшишни хоҳловчи аъзолардан иборат бошланғич партия ташкилоти ташкил этилди.

Матёқуб Воҳидов, БПТ раиси, вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори:

Партия Бухоро вилоят ҳамда шаҳар кенгашлари томонидан ташкил этилган тадбир барча ходимларимизга жуда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, партиянинг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратилганлиги соҳа ходимлари учун жуда катта имконият яратди. Хусусан, тадбир давомида жуда кўп сиёсий маълумотларга, айниқса, партия билан боғлиқ билимларга эга бўлдик. Бу эса барчамизнинг ҳуқуқий билимимиз ва сиёсий фаоллигимизни янада оширди.

Партия ходимлари томонидан янги қабул қилинган аъзоларга партия лойиҳалари туширилган буклетлар, дастурлар ва аъзолик билетлари топширилди. Бу эса барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Бошланғич ташкилотлар сони яна биттага кўпайди was last modified: Сентябрь 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »