Буюк аждодларга муносиб авлод фаннинг юксак марраларини забт этади

16 Сентябрь, 18:36 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 77 марта кўрилди • Комментариев к записи Буюк аждодларга муносиб авлод фаннинг юксак марраларини забт этади нет

Дунё илм-фанининг асосларини яратган, технологиялар юксак тараққий этган бугунги асрда ҳам илмий назария ва буюк кашфиётлари инсоният тараққиётига хизмат қилаётган аллома аждодларимиз Ватанимиз номини мангуликка улуғлайди. Бу эътироф ҳар бир юртдошимизга, айниқса, ёшларга ғурур бағишлаши билан бирга ана шундай буюк аждодларимизга муносиб бўлиш лозимлигини ҳам англатади.

Илм-фанга меҳр қўйган ўқувчи ва талабаларнинг республикамиз ва дунё миқёсида эришаётган ютуқларидан қувонганимизда ҳам шу фикрлар дилдан кечади. Аммо бундай мисоллар азалдан интеллектуал салоҳияти юксак бўлган халқимиз учун ҳали жуда кам эканини чуқур ҳис қиламиз. Мустақил тараққиёт йўлидан буюк келаж сари дадил бораётган мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишимиз учун ҳар бир соҳада бугуннинг Хоразмийлари, Берунийлари сув билан ҳаводек зарур, десак янглишмаймиз.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилда Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги нутқида айни вақтда кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганига эътибор қаратди. Бу бежиз эмас. “Масалан, аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос”, деди давлатимиз раҳбари. Шу билан бирга, ривожланган давлатларнинг бугунги тараққиёти замирида буюк аждодларимиз яратган ва инсониятнинг маънавий меросига айланган илм-фан ютуқлари мужассам эканлиги барчамизга аён ва бундан аниқ хулосалар чиқариш вақти келди.

Мамлакатимизда илм-фан ютуқларини барча соҳаларнинг замонавий тараққиёти учун татбиқ этиш, инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш каби долзарб вазифалар, айниқса, интеллектуал салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги шарт-шароитлар яратиш, фарзандларимизда илм-фанга болалигидан бошлаб меҳр-муҳаббат ва ишонч уйғотиш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялар соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш давр талабига айланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 14 сентябрь куни имзоланган “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг яна бир амалий ифодаси ва мантиқий давоми бўлди. Қарорда мазкур ихтисослаштирилган мактабнинг аниқ вазифалари қаторида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш, ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш, юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ташкил этиладиган ушбу ихтисослаштирилган мактаб юксак қобилиятли, илмга чанқоқ, фан сирларини пухта эгаллашга қодир билимдон ўғил-қизларни бағрига чорлайди, бу масканда фарзандларимизга илм-фан чўққилари сари қанот бағишлаш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу боис ушбу қарор барча юртдошларимиз, айниқса, ота-оналар ва ёшлар, устозларни руҳлантириб юборди.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозим, деб ҳисоблаган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғояларига ҳамоҳанглиги ушбу мақсадларни амалга оширишга доир вазифаларимизни рўёбга чиқаришда янги имкониятлар яратади.

Зеро, илм-фан — тараққиётнинг локомотиви, буни ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам инсоният яққол кўриб турибди.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Буюк аждодларга муносиб авлод фаннинг юксак марраларини забт этади was last modified: Сентябрь 16th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »