Чоршанба: Ишчи гуруҳ “Сўфи”маҳалласида

15 Сентябрь, 16:23 • Партия лойиҳаси, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 78 марта кўрилди • Комментариев к записи Чоршанба: Ишчи гуруҳ “Сўфи”маҳалласида нет

Сиёсий партиялар ва уларнинг қуйи ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари учун хизмат қилаётган депутат қабулхоналари бугунги кунда сайёр кўриниш олмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда хафтанинг ҳар чоршанбасида ўтказилаётган “Адолат” куни аҳоли учун одатий тадбирга айланиб улгурди ва бу лойиҳа депутатларимиз ваколатларини амалга оширишда ҳам яхши самара бермоқда.

Куни кеча Қува туман партия Кенгаши, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси, “Сўфи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда партиянинг халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамкорлигида “Адолат” куни ташкил этилди.

Кун давомида ишчи гуруҳ томонидан “Сўфи” маҳалласи ҳудудидаги аҳоли ва бир қатор муассасалар, жумладан, 33-сонли ўрта умумтаълим мактаби, 12-сонли “Ғунча” мактабгача таълим муассасаси, 13-сонли мусиқа ва санъат мактаби жамоасининг мурожаатлари, таклифлари ўрганилди. Маҳалладаги сайловчилар билан яккама-якка мулоқот олиб бориш, фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва партия назорати остида депутатлар ваколатлари орқали ижобий бартараф этиш мазкур ўрганишнинг бош мақсади бўлди.

Дастлаб ҳудудда жойлашган 33-сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлган гуруҳ аъзолари ўқитувчи педагогларнинг янги ўқув йилидаги режалари ва мурожаатлари билан қизиқдилар. Улар жорий йил таълим дастурлари, ўқув режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашнинг ҳолати туман миқёсида яхши йўлга қўйилганлигини таъкидладилар. Лекин мактаб биноси ўқувчи қамровига нисбатан кичиклиги, қўшимча бинога эҳтиёж борлиги, ўқувчилар сони кўплиги боис 320 нафари тушликдан сўнг таълим олаётганини айтиб ўтдилар. Компьютер технологиялари ривожланиб бораётган даврда ушбу мактабда компьютер хонаси тўлиқ жиҳозланмагани, ўқувчилар замонавий техника тўғрисида фақатгина назарий билим олаётганликларини айтиб, бу бўйича амалий ёрдам сўрадилар. Шунингдек, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкилловчи шаҳмат тўгарагига қатновчилар сони кўплиги, тўгаракка айрим зарур жиҳозлар, электрон доска етишмаслиги масаласи ҳам кўтарилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ ҳудуддаги 12-сонли “Ғунча” мактабгача таълим муассасаси мурожаатларини ўрганиш давомида муассасанинг ички ва ташқи кўриниши тамирталаб ҳолга келиб қолганлиги, бу бўйича маблағ масаласида жамоага амалий ёрдам кераклигини қайд этди.

Ўрганишлар давомида 13-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлган гуруҳ мактабда мусиқий билимларни ўргатиш бўйича малакали кадрлар етишмаслигини аниқлади.

Юқоридаги таълим муассасалари ходимлари, устоз-мураббийлар партиянинг эътибори ва амалий ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдириб, мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Педагоглар муаммолари юзасидан туман халқ таълими бўлимига тегишли таклифлар лойиҳаси тайёрланди.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларга кириб бордилар. “Сўфи” маҳалласи “Қайирма” кўчаси 34-уйда яшовчи фуқаро – Мўминова Наргизахон томорқасига кредит асосида иссиқхона қуриш, лимонария ташкиллаши, унга ҳуқуқий тавсия бериш тўғрисидаги мурожаати юзасидан туман “Агробанк”дан жалб этилган мутахассис ёрдамида кредитлар ва уларнинг турлари, фоизлари, тўлов шартлари бўйича керакли юридик маълумотлар берилди.

Яна шу маҳалладаги Юнусов Аҳмаджон 2 йилдан буён “Қанд” касаллигига чалингани, шу билан бирга, онкологик жиҳатдан ҳам соғлиғи ёмонлашиб бораётгани, дори-дармон сотиб олишга моддий жиҳатдан қийналаётганини айтиб, даволаниш учун ёрдам сўради. Унинг мурожаати бўйича тез кунларда туман тиббиёт бирлашмаси орқали беморни бепул даволаниш чоралари кўриб чиқилиши белгилаб олинди.

“Сўфи” маҳалласи “Қайирма” кўчаси 36 уйда яшовчи Каримова Мавлуюдахоннинг туман пенсия таъминоти бўлими томонидан пенсионерлик нафақаси ўз вақтида келтириб берилмаётганлиги юзасидан мазкур ташкилот раҳбарига партиянинг халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутати Муҳаммадюсуф Атабоев номидан депутатлик сўрови юборилиши режалаштирилдиди ва ижроси назоратга олинди.

Ўрганиш сўнгида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳаллада мавжуд камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Чоршанба: Ишчи гуруҳ “Сўфи”маҳалласида was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »