Депутат ташаббуси: «Дўстлик» МФЙга ичимлик суви келтирилди

13 Сентябрь, 15:44 • Депутат минбари, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 130 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат ташаббуси: «Дўстлик» МФЙга ичимлик суви келтирилди нет

Халқ депутатлари Денов туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати Ислом Худойбердиевнинг ҳомийлик ёрдами билан “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 365 та хўжалик тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли давр олдимизга қўяётган долзарб вазифалар ҳар бир сиёсий куч вакилидан, депутатларлардан масъулиятни, қатъият ва ташаббускорлик билан ғайратни янада оширишни тақазо қилмоқда. Шундай экан, халқ билан мулоқот масаласи фақат раҳбар шахслар ёки давлат идоралари вакилларигагина дахлдор вазифа деб бефарқ бўлмасдан, ҳар бир киши зиммасидаги вазифасига масъулият билан ёндашмоғи зарур.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланади, унинг фаровон ва гўзал ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Шу ўринда жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши халқ вакили – депутатларнинг зиммасидаги масъулиятини янада оширди.

Албатта, орамизда ўз юмушлари, ишхонадаги кундалик ишларидан ортиб, ҳаётини одамлар дард-у, ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмакалашишдек шарафли ишга бағишлаган, эл-юрт хизматида бўлишни бахт деб биладиган, халқни рози қилишдек хайрли ишларда жонбозлик кўрсатиб келаётган жонкуяр юртдошларимз кўплаб топилади. Зеро, бундай инсонлар халқ дардини ўзининг дарди каби ҳис қилади, унинг ечимини топиш йўлида изланади. Ана шундай инсонлар туфайли юртдошларимизнинг эртанги кунига, келажакка ишончи ортади, турмуши фаровонлашади.

Орамиздаги ана шундай инсонлардан бири Денов туманидаги “Чағониён-Наслчилик –Денов” хусусий корхонаси раҳбари, халқ депутатлари Денов туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати Ислом Худойбердиев зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда бир неча йиллардан буён туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 365 та хўжалик ва 2700 зиёдроқ аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири тоза ичимлик суви масаласини ҳал этиб берди.

И.Худойбердиев ўз маблағи ҳисобидан маҳалла аҳли учун артезиан қудуғи қаздириб, сув минорасини ўрнатди. Туман “Сувоқова” корхонаси билан ҳамкорликда қувурларни ўрнатиш, таъмирлаш ишларини олиб борди.

Шу билан бирга, куни кеча “Дўстлик” МФЙда сув минорасининг ишга тушириш тадбири бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Денов туман ҳокими Баҳром Маматқулов, “Нуроний” жамғармаси Денов туман бўлими раиси А.Бўриев, партиянинг туман Кенгаши вакиллари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этишди.

Тадбир давомида депутатимизнинг ушбу хайрли иши маҳалла аҳлининг оғирини енгил қилгани, шунингдек депутатимиз томонидан Денов шаҳри А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғида “Нуронийлар чойхонаси” қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги ҳамда “Бибисарпушта” қабристонини обод қилиш мақсадида 400 кишилик бостирма қуриб фойдаланишга топширилганлиги ҳам эътироф этилди.

Бугун ичимлик суви таъминоти яхшиланганидан миннатдор бўлаётган аҳоли билан биргаликда ушбу хайрли ишдан депутатимизнинг ҳам хурсандчилиги чексиз.

Аҳолининг қувончини кўриб кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилди,-дейди суҳбат чоғида Ислом Худойбердиев.- Халққа сув келтирган инсонни эл ардоқлайди. Ҳа, инсон савоб ишни ҳар куни қилиши керак. Менга билдиришаётган миннатдорчиликларни кўриб руҳландим ва бундан кейинги аҳолидан тушаётган мурожаатларни масъулият билан қонун доирасида бажаришга киришишни ўзимга шиор қилиб олдим.

Фидойи депутатимиз тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ғамхўрлик, меҳр-мурувват кўрсатиш, аҳоли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлиги таъминлашдек хайрли ишларда ўзининг беминнат ёрдамини аямай келмоқда. Бу ишларда Ислом Худойбердиевнинг ўзи ҳамиша бош –қошдир.

Тадбирдан сўнг депутатимиз        ана шу хайрли ишларини давом эттириб, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими билан ҳамкорликда 50 нафар фронт орти қатнашчилари ва ёлғиз кексаларга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

 

Чори ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Денов туман Кенгаши раиси.

Депутат ташаббуси: «Дўстлик» МФЙга ичимлик суви келтирилди was last modified: Сентябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »