Депутатлик сўрови: “Қияли сой”га тоза ичимлик суви келтирилди

6 Сентябрь, 14:47 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Депутат минбари, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 61 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлик сўрови: “Қияли сой”га тоза ичимлик суви келтирилди нет

Қўқон шаҳрида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури асосида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Қўқон шаҳридаги кўплаб маҳаллаларда одамлар миллий ҳунармандчилик билан шуғулланадилар. Масалан, “Чархи кўприги” маҳалласида қадимдан юздан ортиқ хонадон пичоқчилик ҳунари билан рўзғор тебратиб келган. Қўқон хонлиги ҳукмронлиги даврида аслзодалар ва беклар учун ўткир тиғли ҳанжарлар шу маҳаллада тайёрлаб берилган, дейди, “Қияли сой” кўчаси аҳли.

Шаҳар ичида жойлашган ушбу кичкинагина маҳалла ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувлик билан кун кечиради. Бирор муаммога дуч келсалар, биргаликда, маслаҳат билан бартараф этишга ҳаракат қиладилар.

Яқинда айнан мана шу маҳалла фуқаролари партиянинг халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Марифжон Холдаров қабулида бўлдилар ва тоза ичимлик суви муаммоси бўйича депутатга мурожаат қилдилар.

Мурожаатда маҳалланинг “Қияли сой” кўчасидаги хонадонлар уч йилдан буён тоза ичимлик суви билан таъминланмаётгани, аҳоли дринаж сувларидан истеъмол қилаётгани баён этилди.

Мазкур масалани обдан ўрганиб чиқиш мақсадида, депутат ҳудудга бориб, “Қияли сой” кўчаси одамлари кунда истеъмол қилаётган тоза ичимлик суви қаердан ташиб келтирилиши, унинг сифат таркиби билан қизиқди. Маълум бўлишича, қишлоқ аҳолиси ҳозирги кунда дринаж скважина қудуқ сувидан тоза ичимлик сифатида фойдаланаётган экан.

Бу жойда 2014 йилдан буён “Қувасойтаъмир” қурилиш ташкилоти таъмирлаш ишларини юритаётгани боис сув қувурлари канализациядан узиб қўйилган ва давлат дастури бўйича белгиланган ўзгаришларга маблағ ажратилгунга қадар ишлар тугалланмай, эътиборсизлик билан қолиб кетган.

Фахриддин Солиев, маҳалла фаоли:

“Қияли сой”да юздан ортиқ хонадон, 216 та оила аъзолари яшайди. Ичимлик суви масаласида аҳоли қийинчиликка дуч келишида биз маҳалла фаолларининг ҳам бироз сусткашликка йўл қўйиб, айрим ташкилотлар раҳбарлари ваъдаларига ишонганимиз сабаб бўлди. Бунинг натижасида 3 км.га яқин масофадан тоза сув ташиб келтиришда болаларимиз, аёлларимиз анча овора бўлдилар. Мана, депутатимиз ушбу масалада ҳеч қандай муаммосиз ёрдам берди.

Депутат Холдаров Маъруф Махмудович мурожаат бўйича ўз ваколатидан унумли фойдаланган ҳолда Қўқон шаҳар “Сувоқава” ИЧК раҳбари номига депутатлик сўрови йўллади. Ўз ўрнида ушбу ташкилот ҳам депутатга масалани ижобий ҳал этишда яхши ҳамкор бўла олди ва тез фурсат ўтиб кўчага эллик метрга яқин сув қувурлари келтирилди. Ҳозирда тоза ичимлик сувидан қайта баҳраманд бўлаётган қишоқнинг ёшу қариси ҳурсандлигидан депутатга миннатдорчилик билдирмоқда.

Сув – ҳаёт манбаи. Агар у бир кун жилдирамай қолса,  хонадонингиздан гўёки, бор барака кетгандай бўлади. Маҳаллалар муаммоларига қулоқ тутиб, қишлоққа қайта барака улашгувчи депутатларимиз янада кўпаяверсин!

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Депутатлик сўрови: “Қияли сой”га тоза ичимлик суви келтирилди was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »