namangan

Диққат марказида – долзарб масала

18 Сентябрь, 10:49 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 73 марта кўрилди • Комментариев к записи Диққат марказида – долзарб масала нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши аҳоли ўртасида тарғибот ишлари кўламини тобора кенгайтирмоқда. Бунинг учун жамоатчи воизлар, биринчи навбатда партия фаолларининг имкониятларидан фойдаланилмоқда. Кенгаш улар билан турли мавзуларда давра суҳбатлари ўтказишни, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган янгиликлардан мунтазам хабардор қилишни яхши анъанага айлантирган. Яқинда ўтказилган ана шундай анжуманлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига бағишланди. Унда партия фаоллари, бир қатор мактабгача тарбия муассасаларининг раҳбарлари иштирок этдилар.

Партия туман кенгашининг раиси Ёрқиной Ҳожиматова тадбирни бошлаб берар экан, қарорнинг мазмун-мундарижаси ҳақида тўхталди. Мазкур ҳужжатда мактабгача ёшдаги болаларга сингдирилган билим ва қадриятлар унинг келгусидаги ҳаётини белгилашда, уйғун ривожланган шахсни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилган. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикада 4893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Соҳада соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш йўлида 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълимда айрим нуқсон ва камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Мамасоли Раҳматов, партия фаоли, туман “Истиқлол” газетаси муҳаррирининг ўринбосари:

– Президент қарорида соҳани замонавий талаблар даражасида ривожлантириш имконини бермаётган ҳолатлар батафсил баён этилган. Энг аввало, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслигига урғу берилган. Муассасаларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник негизини кескин янгилаш талаб этилади. Соҳа фаолиятини яхшилаш ҳақида гап борар экан, ходимларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак. Бусиз юқори малакали мутахассисларни ишга жалб этиш муаммо бўлиб қолаверади.

Юлдузхон Юсупова, 16-мактабгача тарбия муассасаси мудираси:

– Биз жамоамизнинг барча аъзолари билан биргаликда давлатимиз раҳбари имзолаган қарор билан танишиб чиқдик. Мазкур ҳужжатда чиндан ҳам соҳа учун долзарб кўплаб масалалар кўтарилган. Масалан, болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар борлиги кўрсатилган. Бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Бизнинг муассасамизда ҳозирги кунда 160 кичкинтой тарбияланади. Болаларнинг соғ-саломат ўсишини таъминлаш учун жисмоний тарбия машғулотларини мунтазам олиб бориш зарур. Аммо очиғини айтганда, инвентарлар етишмайди. Қандай қилиб уларсиз машғулот олиб бориш мумкин?

Башорат Ҳайитметова, 3-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси:

– Биз, соҳа ходимлари ҳар бир болани миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун эса ўзбекона ўйинлар ва ўйинчоқлар бўлиши керак. Уларни тайёрлаш ва кўпайтириш зарур. Шунингдек, ўғил-қизларимизни болаликдан китоб ўқишга қизиқтиришнинг уддасидан чиқишимиз даркор. Бунинг учун янги ва мукаммал ўқув-методик, дидактик материаллар ҳамда бадиий асарлар керак бўлади. Бу масалада мутахассислар ва адибларимиз бизга ёрдам қўлини чўзадилар, деб ўйлайман.

Шунингдек, 20-мактабгача таълим муассассаси мудираси Замзамхон Боқиева, тарбиячиси Насиба Қорабоева, 16-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Маҳбуба Нишонова ҳам амалий тажрибадан келиб чиқиб, Президент қарорида қўйилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Диққат марказида – долзарб масала was last modified: Сентябрь 23rd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »