Дил сўзлари: ғурур ва фахр

6 Сентябрь, 16:18 • Адолат шарҳи, Наманган вилояти, Янгиликлар • 29 марта кўрилди • Комментариев к записи Дил сўзлари: ғурур ва фахр нет

Одатдагидай, халқимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг навбатдаги санасини зўр тантана билан нишонлади. Айниқса, бу айёмнинг Қурбон ҳайити билан бир кунга тўғри келиб қолганлиги қувончли бўлди. Юртдошларимиз қўшалоқ байрамни шоду хуррамлик билан ўтказар эканлар, мамлакатимизда улуғвор бунёдкорлик ишларини амалга оширишга ҳисса қўшаётган инсонларга ҳам яна бир бор ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирдилар. Мен буни август ойи охирида давлатимизнинг қатор юксак мукофотлари – орден ва медаллари таъсис этилган кунлари нишонланганлиги муносабати билан изҳор этмоқдаман.

Маълумки, ҳар бир юртда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни юксалтиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган, ўз қобилияти ва истеъдодини у ёки бу соҳада намойиш эта олган, бирон жабҳада юксак маҳорат чўққиларини эгаллаган инсонларни тақдирлаш учун мукофотлар таъсис этилади. Бизда ҳам шундай орден ва медаллар, фахрий унвонлар бор. Улар орасида “Эл-юрт ҳурмати” орденини ҳам тилга олиш мумкин. Мен мазкур орден билан тақдирланган кўплаб ватандошларимизни биламан. Айримларини шахсан танийман, бошқаларининг довруғини кўп эшитганман, сиртдан бўлса-да, фаолиятидан хабардорман. Мен ўзим ҳам ана шу инсонлар сазовор эҳтиромга муносиб кўрилганимдан бахтиёрман.

Номи мамлакатимиздан ташқарида ҳам яхши маълум илм захматкаши Эдвард Ртвеладзени ким танимайди, дейсиз? У мамлакатимизда фан тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган забардаст ва зукко олимлардан бири ҳисобланади. Ёки машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматовни олайлик. Унинг номи дунёнинг барча қисмларидаги “чарм тўп” мухлисларига яхши таниш. Ҳамюртимиз ўзининг футбол майдонидаги ҳалоллиги, ҳар бир қарорни қабул қилишда адолатли бўлишга интилиши билан миллионлаб кишиларнинг ихлосини қозонган. Бу ҳар икки ватандошимизнинг тақдиридаги ўхшашлик “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланганликларидадир.

Наманган шаҳрининг “Яккасада” маҳалласида яшовчи Собитхон ота Қамбаралиевни ҳам кўпдан бери биламан. У киши билан бир пиёла чой устида кўп суҳбатлашганмиз. Узоқ йиллар Наманган давлат университетида талабаларга сабоқ берган. Нафақага чиққач эса маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланган. Бу вазифада ўн беш йилдан зиёд ишлаб, юртнинг кўп корига яраган. Маҳаллада тинчлик ва хотиржамликни, барқарор ижтимоий-сиёсий муҳитни юзага келтиришда жонбозлик кўрсатган. Шунинг учун ҳам отахон “Эл-юрт ҳурмати”га муносиб кўрилган.

Учқўрғон туманидаги 6-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Раҳима Омонова ҳам шундай мукофот билан тақдирланган. У раҳбарлигидаги педагогик жамоа ёш авлодга таълим-тарбия беришда юқори кўрсаткичларга эришиб келмоқда. Мазкур маърифат масканида ҳар муаллим ўз устида тинмай ишлайди, янги ва самарали педагогик технологияларни жорий этиш ҳақида бош қотиради. Чунки ҳамма фақат шу йўл билангина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлайлиган, ҳар томонлама билимли ва комил инсонларни камолга етказиш мумкинлигини яхши англайди.

Мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида яна бир гуруҳ юртдошларимиз мамлакатнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди. Улар орасида Икромхон Нажмиддиновнинг исми-шарифини учратганимда ниҳоятда қувондим. У киши ҳозир  «Нуроний» жамғармасининг Наманган вилояти бўлими раиси бўлиб ишлайди.

Бугунги кунда Икромхон Ҳошимхоновични нафақат Наманган вилоятида, балки бутун республикада яхши биладилар. У узоқ йиллар мобайнида туман, вилоят ва мамлакат миқёсидаги масъул лавозимларда меҳнат қилди. Бу даврда  юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонлардан бири сифатида халқ ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлди. . Айниқса, кейинги йил давомида “Нуроний” жамҳармаси вилоят бўлимининг раҳбари сифатида   қариялар ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларга ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат сиёсатини  амалга ошириш борасида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Бунда   Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони  муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айнан мана шу ҳужжатда белгиланган вазифаларга биноан қисқа муддат ичида  “Нуронийлар маскани”  ва “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими биноси қад кўтарди.

Наманганга ташриф буюрган чоғда давлатимиз раҳбари  мазкур объектлар билан ҳам яқиндан танишди. Ўшанда у  кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан эканлигини таъкидлади.  “Нуроний” жамғармаси ихтиёридаги бу икки муҳташам бинони қуриш ва   жиҳозлаш учун  уч миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бу ерда  ўқиш залини ўз ичига олган кутубхона ташкил этилган, газета-журналларнинг янги сонлари, сўнгги ойларда чоп этилган китобларнинг нусхалари билан мунтазам танишиб бориш мумкин. Чойхона ва 120 ўринли ошхона хизматидан ҳам хўрандалар мамнун.

Мени ғурурлантирадиган яна бир жиҳат шуки, мен ўзим ҳам мазкур орден билан тақдирлангач, кучимга куч қўшилди. Ўзим меҳнат қиладиган вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида келажак авлод саломатлигини сақлашга муносиб ҳисса қўшиш асосий мақсадларимдан бири. Жамоатчилик ишларида ҳам янада фаол қатнаша бошладим. Шунинг учун бўлса керак, сайловчилар халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайлашди. Эндиликда кенгашдаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси сифатида иш олиб бормоқдаман. Шифохонамиздаги бошланғич ташкилот ишида ҳам фаоллик кўрсатишга, қолаверса, бошқаларни ҳам шунга даъват этишга интиламан.

Иброҳимжон АБДУЛЛАЕВ,

Халқ депутатлари
Наманган вилояти Кенгашидаги
“Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

Дил сўзлари: ғурур ва фахр was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »