Фаолият: шароитлар етарли бўлмагач…

28 Сентябрь, 16:25 • Қашқадарё вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 104 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаолият: шароитлар етарли бўлмагач… нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида  Қарши шаҳар Кенгаши, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳамда бошқа алоқадор ташкилотлар, депутатлар Тиббиёт бирлашмасига қарашли соғлиқни сақлаш муассасаларининг бугунги аҳволини ўрганиб чиқишди. Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб, жаррохлик бўлимида бўлишганида хунук манзаранинг гувоҳи бўлишди. Энг ачинарли томони шундаки, қарийб 10 йилдан буён ушбу бўлимга замонавий тиббиёт жиҳозлари келтирилмаган. Бунинг устига беморлар даволанадиган хоналардаги шароит ҳам қониқарли эмас. Кроватлар эскириб қолган. Кўрпа – ёстиқ ва унинг жилдлари кўримсиз аҳволга келиб қолган. Бўлимда иссиқ ва совуқ сув билан таъминланиш ҳам издан чиққан. Дори-дармонлар билан таъминлаш масалаларида ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда. Бўлимда иш ставкалари қисқартирилганлиги оқибатида шифоркорларнинг навбатчилиги ташкил этилмаган. Шу туфайли ҳам янгитдан жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар шифокор назоратисиз қолмоқда. Бўлимда хўжалик инвентарлари таъминоти ҳам ўлда-жўлда. Тиббиёт муассасаси ходимларининг бизга маълум қилишларича, бўлимни тоза озода сақлаш учун керак бўладиган барча зарур воситаларни ўз ҳисобларидан сотиб олишаётган экан.

Шу куни тиббиёт бирлашмасига қарашли бошқа бўлимлардаги аҳвол ўрганилганда ҳам бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Аввало, тиббиёт бирлашмаси маъмурий биноси 1958 йилда барпо этилганлиги сабабли, аллақачон янги бино билан таъминланишига эҳтиёж сезилмоқда. Бинода тоза ичимлик суви ҳамда канализация муаммолигича қолаётир. Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмасида кадрлар масаласида ҳам қийинчиликларга дуч келинмоқда.

Шаҳардаги 1-оилавий поликлиникада оз эмас 41 нафар шифокор, 40 нафар ҳамширалар аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун меҳнат қилишаяпти. Бино 1958 йилда қурилганлиги сабабли, шу кеча-кундузда нафақат тиббиёт ходимларининг, балки поликлиника хизматига эҳтиёжманд аҳоли талабига ҳам жавоб бермай қолган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, биргина торгина хонада бир йўла 4 нафар шифокор, 16 нафар ҳамширалар қисилиб, қимтиниб иш олиб боришаяпти. Куз, қиш, баҳор пайтида эса тиббиёт ходимлари ҳаво айниб қолишидан қўрқиб яшашади. Негаки, бинонинг томи таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги сабабли, чакки ўтади. Бу ерда ҳам ишловчилар ва беморлар учун тоза ичимлик суви орзулигича қолмоқда. 1-оилавий поликлиника саломатлик посбонлари 20 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишлари керак бўлгани ҳолда, ҳақиқатда эса 40 минг нафар фуқароларга хизмат кўрсатишаяпти. Ҳанузгача 1-оилавий поликлиникада рентген аппарати, автоклаб йўқ. Қарийб 15 йиллардан бери физиотерепия жиҳозлари олинмаган.

Умуман олганда, партия фаоллари ва депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари шаҳар соғлиқни сақлаш муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги аҳволини ўрганишганда ҳақиқатдан ҳам жиддий нуқсонлар мавжудлиги маълум бўлди. Айни пайтда шуни ҳисобга олиб, ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, баъзи муаммоларни  шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясига масала сифатида киритиш режалаштирилмоқда.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Фаолият: шароитлар етарли бўлмагач… was last modified: Сентябрь 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »