Фарзандлар камоли: давлат сиёсатининг муҳим қирраси

25 Сентябрь, 16:58 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 70 марта кўрилди • Комментариев к записи Фарзандлар камоли: давлат сиёсатининг муҳим қирраси нет

Мамлакатнинг юксак тараққиёти, халқнинг фаровонлиги кўп жихатдан таълим-тарбияга боғлиқ. Бу борада мактабгача таълим муассасалари муҳим ўрин тутади. Ўтган йиллар давомида юртимизда соҳани ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, тизимдаги муассасаларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди. Бу айни вақтда ўз сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратган Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари олдига ҳам қатор вазифаларни юклайди.

Қарорда таъкидланганидек, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти. Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши, шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан замонавий ва ҳаммабоп МТМлар ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган бинолар 50 йил муддатга ажратилади.. Жумладан, режа асосида Андижон вилоятининг қишлоқ аҳоли пунктларида 8 та янги мактабгача таълим муассасасини қуриш, 122 тасини реконструкция қилиш ва 102 тасини мукаммал таъмирлаш ҳамда уларни замонавий талаблар асосида инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш орқали жами 232 та муассасанинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиши белгиланди.

Инвесторлар томонидан ташкил этилаётган муассасаларда давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга риоя этиш, келишувга амал қилишнинг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, мактабгача таълим хизмати кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш белгилаб қўйилган. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Вилоятимизда тизимни танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни, ундаги бўшлиқлар, коррупция ва ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи меъёрларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсиқ бўлувчи муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади.  Шу билан бирга,  таълим сифатини оширишга, жумладан, боғча ёшидаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибалар ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилмоқда. Миллий маданий, тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик материалларни  тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мос равишда мувофиқлаштирилмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилаётган қарорлар ижроси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан олиб борилаётган кўлами кенг ислоҳотларнинг замирида эртанги кун эгалари бўлган фарзандларимизнинг тақдири, уларнинг пухта билим олишлари, шу орқали она-Ватан тараққиётига хисса қўшишдек эзгу мақсад мужассам. Бу борада партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан мунтазам жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир.

Зухрахон КОМИЛОВА,

халқ депутатлари Андижон вилоят
Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати.

Фарзандлар камоли: давлат сиёсатининг муҳим қирраси was last modified: Сентябрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »