Фикр мулоҳаза ва якуний хулосалар

6 Сентябрь, 17:42 • Депутатлик гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси, Янгиликлар • 89 марта кўрилди • Комментариев к записи Фикр мулоҳаза ва якуний хулосалар нет

Мустақиллик йилларида жамиятимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ўзгариш ва ислохотлар ягона максадга – халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзининг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳиятини амалга ошириши учун зарур имкониятлар яратиб беришни кўзлаб амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти томонидан ишлаб чиқилган истиқлол асослари, асосий қомусимизда белгиланган меъёрлар ҳам инсон манфаати, кучли ижтимоий сиёсат масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги билан юксак аҳамият касб этади.

Айниқса мустақиллик йилларида асосий қомусимиз асосида, миллий қонунчилигимиз яратилиб, янада мустаҳкамланиб борилмоқда.

Эркин фуқаролик жамиятини қуриш жараёнида ҳар бир фуқаронинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда қонунлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда сиёсий партиялар мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш жараёнида ўз дастурий мақсадлари доирасида маълум маънода қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаолиятига оид мамлакатимиз ижтимоий – сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга видеоселектор йиғилишида сўзлаган нутқида, сиёсий партиялар ва уларнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуслари фаолиятида ўз сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш етишмаётганлиги тўғрисида фикр билдирилган эди.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси рақобат қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши ва партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда партия ҳудудий Кенгаши фаоллари, депутатлар ва экспертлар иштирок этди.

Йиғилишда асосан, партия фаоли, ҳуқуқшунос Даулетмурат Тажимуратов томонидан партия Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгашига тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифи, депутатлар ва тегишли соҳа мутахассислари томонидан муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби» тўғрисидаги режаси 2016 йил 7 январда ўзгартириш киритилиб, тастиқланган эди. Мазкур режага асосан, тиббий кўриклар юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликлари, заҳарланишлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилиши назарда тутилган.

Лекин, лаборатория, ошхона, кафе, ресторанларга кириш уларни текширувдан ўтказиш санитария-эпидемиология марказлари ваколатига берилганлигига қарамасдан, ҳеч бир жойда санитария-эпидемиология марказлари ходимлари тиббий кўрикдан ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилмаган.

Ушбу масалани янада жиддий ўрганиб, юқоридаги норматив хужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқиш лозим.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг айрим моддаларига, Ўзбекистон Республикасининг Адвокатура тўғрисидаги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш буйича масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этишга келишиб олинди.

 

Шарипа ТОРЕШОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши матбуот котиби.

Фикр мулоҳаза ва якуний хулосалар was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »