Фуқаро мурожаати партия ходимлари томонидан ўрганилмоқда

29 Сентябрь, 11:38 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, сайёр қабул, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаро мурожаати партия ходимлари томонидан ўрганилмоқда нет

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили самаралари ҳар бир соҳада намоён бўлмоқда. Фуқаролар халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳидан ташкил топган ишчи гуруҳи аъзоларига турли шаклларда мурожаат қилиб, ўз саволларига жавоб олмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида барча партия ходимларимиз партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жойларда бўлиб, келиб тушаётган муаммоларни ўрганиб чиқишмоқда. Шунингдек, уларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ишчи гуруҳ аъзолари нафақат хонадонларда, ҳатто пахта далаларида бўлиб, аҳоли мурожаатини тинглаб, уларга кўмаклашмоқда. Хусусан, партиянинг Шофиркон туман Кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Хоркаш” маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси билан бевосита пахта даласида суҳбат олиб боришди. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар моҳияти тушунтирилди. Шунингдек, фуқаролар томонидан газ ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларнинг борлиги, мактаблардаги синф хоналарининг етишмаслиги, спорт залларининг мавжуд эмаслиги борасидаги қатор муаммолар билдирилди. Ишчи гуруҳ аъзолари муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, ўзларининг депутатлик назоратини ўрнатишди.

Партиянинг Когон шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари ҳам шаҳардаги “Туркистон” МФЙ аҳолиси билан учрашув ташкил этилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари эшитилди. Шу билан бирга ҳудуддаги шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли ахборот ресурс марказининг фаолияти ўрганиб чиқилди. Ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу ахборот ресурс марказида жами 11 мингта китоб фонди мавжуд бўлиб, жорий йилда бинода таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ўқувчилар учун қулай шароитлар яратилган. Марказда мавжуд компьютерларда 300 дан ортиқ электрон дастурлар мавжуд. Ҳар бир китобхон ўзига керакли адабиётдан бемалол фойдалана олаяпти. Бу эса ишчи гуруҳ аъзоларини қувонтирди, албатта. Ҳудуддаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида партия ходимлари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳ ўзининг таклиф ва тавсияларини беришди.

Ҳар бир мурожаатлар партия ходимларининг эътиборида экан, албатта, улар бу муаммоларнинг олдини олишда астойдил ҳаракат қилиб келишмоқда. Энг асосийси, пахта йиғим-терими чоғида ҳам фуқаролар билан мулоқотлар олиб борилганлиги ишчи гуруҳ аъзолари фаолиятига завқ бағишлаб, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Фуқаро мурожаати партия ходимлари томонидан ўрганилмоқда was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »