Хайр-саховат – инсон зийнати

13 Сентябрь, 18:19 • Партия лойиҳаси, Тадбир, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 61 марта кўрилди • Комментариев к записи Хайр-саховат – инсон зийнати нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

“Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари Юқори Чирчиқ тумани Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партиянинг туман Кенгаши раиси иштирок этди.

Дарҳақиқат, ана шундай саховат учрашувларининг халқимиз орасида аҳамияти каттадир. Барча жабҳаларда эришаётган ютуқларимизда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг ўрни беқиёс. Зеро, бундай заминдан файз-барака аримайди, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, хайру саховат ҳамда бир-бирига бўлган ҳурмат-эътибор ўзаро қарор топади. Партиянинг Юқори Чирчиқ тумани Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ана шундай эзгу мақсадлар амалга оширилди.

Юқори Чирчиқ туман Кенгаши раиси Торехан Зулфиқоров бошчилигида депутатлар “Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга ташриф буюришди. Жумладан, пенсионер, 1-гуруҳ ногирони Дилбар Файзибоева хонадонида бўлишиб, оилавий шароити, соғлиги билан яқиндан танишишди. Суҳбат чоғида фуқаро Дилбар Файзибоева бир неча йиллар аввал оғир касалликка чалиниб, шифокорлар икки оёғини олиб ташланганини таъкидлади. Ҳозирда дори-дармонларини сотиб олиши учун моддий камчилик борлиги туфайли қийналаётганини билдирди.

Дилбар Файзибоева, пенсионер, 1-гуруҳ ногирони:

  • Энг аввало ҳар бир инсонга мустаҳкам соғлик тилайман. Бугун кўнглим тоғдек кўтарилди. “Адолат” партиясининг депутатлари ҳолимдан хабар олгани келишиб, мендаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиб беришгани учун партия фаолларидан миннатдорман. Неча йиллардан буён маҳалла фуқаролари йиғини томонидан кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам пулини ололмаётган эдим. Депутатлар кўмаги билан ушбу масалага бир зумда ечим топилди. Ҳозирда маҳалламиздаги комиссия томонидан қонун доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, соғлигимни тиклаб олишим учун 430 минг сўм миқдорида моддий ёрдам пули белгиланди. Бундан бениҳоя мамнунман, партияга минг бор ташаккур дейман.

Партиянинг туман Кенгаши, депутатлар маҳалладаги кам таъминланган оилалардан А.Тўрабеков, Г.Холматова, С.Исаков, Н.Содиқовалар уйларига ҳам киришиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашишди. Кўнгил сўрашиб, дилдан суҳбат қуришди. Бундан хонадон эгалари бағоят хурсанд бўлишиб, ўзларининг миннатдорлигини изҳор қилишди. Албатта, халқимизда меҳр-оқибат, саховат инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам этиб, эл-юртнинг оғирини енгил қилишга астойдил бел боғлаган партиянинг Юқори Чирчиқ тумани Кенгашининг хайрли ишлари ҳали талайгина.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши  матбуот котиби.

Хайр-саховат – инсон зийнати was last modified: Сентябрь 13th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »