Халқаро майдондаги шаъну шавкатимиз янги поғонага чиқди

22 Сентябрь, 15:27 • Муносабат, Янгиликлар • 83 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқаро майдондаги шаъну шавкатимиз янги поғонага чиқди нет

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-саммитидаги нутқида дунёда авж олиб бораётган ўзаро ихтилоф ва зиддиятлар, ахборот хуружлари, иқтисодий босим ўтказиш каби замонавий урушларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига, тарихга ва келажакка ҳурмат билан қараш, яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди.

Айниқса, боши урушдан чиқмай қолган Афғонистон, саҳрога айланган Орол тақдирига дахлдор масалалар, шунингдек халқаро тинчлик ва осойишталик билан боғлиқ бир қатор долзарб таклиф ва ташаббуслар тинчликсевар халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

Бу орқали Юртбошимиз халқимизнинг, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги шаъну шавкатини, обрў-эътиборини яна бир бор юксакка кўтарди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, “биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз” деган сўзларидан ҳақиқатдан буюк зотларнинг авлоди эканлигимиздан яна бир бор фахр ҳиссини туйдик.

Мана 26 йилдан буён биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган ўзимизнинг мустақил йўлимиздан дадил одимлаяпмиз. Муҳтарам Шавкат Миромонович халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этган ҳолда Биринчи Президентимиз бошлаган ислоҳотларни давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойили устувор бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш йўлида изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимизни янада тараққий эттириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этилиб, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши халқимизнинг келажакка бўлган ишончини янада оширган бўлса, жаҳон ҳамжамиятининг бизга бўлган муносабатларини янада мустаҳкамлади.

Бугун юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш йўлида ўтган қисқа даврда давлат раҳбарининг 600 дан ортиқ қарор ва фармонлари ҳамда 50 дан ортиқ қонунлар қабул қилинганининг ўзи бу борада ислоҳотларнинг кўлами нечоғлик катта эканлигидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари БМТ саммитидаги нутқида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принципларига тўхталар экан, ҳозирда Марказий Осиёда тинч-осойишталикни таъминлаш, чегарадош давлатлар билан ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошганлиги ҳамда кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилганлиги таъкидладилар.

Дарҳақиқат, биз бунинг натижасини Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари билан бир неча йиллик муаммолар ечилгани, ҳатто энг нозик масала бўлган чегаралар масаласида ўзаро манфаатли келишувга эришилиб, халқларимиз ўртасида ўзаро борди-келди алоқалари қайта тикланганида кўрмоқдамиз. Ушбу янгиликларни қадимдан илдизи, тарихи, анъана ва қадриятлари бир бўлган биродар халқларимиз катта хурсандчилик билан қабул қилди.

Юртбошимиз Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз юритар экан, минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳамда энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокати ҳамон долзарб эканлигига дунё жамоатчилигининг эътиборини қаратди.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев яна бир бор халқимизнинг “Қўшнинг тинч сен тинч”, деган нақлига амал қилган ҳолда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи нафақат минтақанинг балки халқаро ҳамжамиятнинг муаммоси эканлигини ва шу билан бир қаторда бугун бутун дунёни ташвишга солаётган халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашишда куч ишлатиш усули ўзини оқламаётганини куюнчаклик билан қайд этди.

Халқаро терроризм таҳдидларининг оқибатлари билан эмас, уларни келтириб чиқараётган асосий сабабларга қарши курашиш лозимлиги, бунинг учун одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлиги ҳақидаги фикрлари дунё жамоатчилигида илиқ таассурот уйғотди.

Президентимизнинг халқаро минбардан туриб яна бир бор ёшлар масаласи ҳақида тўхталар экан, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш муҳим вазифамиз бўлмоғи лозимлигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани бутун дунё ёшларини қувонтиргани шубҳасиз.

Шу таклифи билан Юртбошимиз нафақат Ўзбекистон ёшлари балки дунё ёшларига ғамхўрлигини намоён этди. Ҳали биз бутун дунё ёшлари манфаатларига дахлдор ташаббус кўрсатган давлат раҳбарини билмаган эдик.

Ҳақиқатдан ҳам дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак.

Давлатимиз раҳбари ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш энг муҳим вазифа эканлиги қайд этган ҳолда “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.”, дея бу борадаги қатъий позициямизни намоён қилганлиги ва мустаҳкамлаб қўйганлиги ҳам барчамизни тўлқинлантирди.

Бу гапларнинг амалий исботи сифатида бутун мусулмон оламида катта ҳурматга эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Бухорийнинг бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани дунё жамоатчилигнинг эътиборини тортмоқда.

Президентимизнинг бутун дунёда барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи сессия иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Мухтасар айтганда, Юртбошимизнинг БМТ Саммитидаги нутқи Ўзбекистонни тинчликпарвар, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат тарафдори сифатида дунёга намоён этди. Бу бизга фахр бағишлаши баробарида барчамиздан уни рўёбга чиқаришда бутун куч ва имкониятларимизни, билим ва салоҳиятинимизни сафарбар этишни талаб этади.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

 

Халқаро майдондаги шаъну шавкатимиз янги поғонага чиқди was last modified: Сентябрь 22nd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »