Илму-фан тарақкий топган давлат қудратли бўлади

26 Сентябрь, 18:06 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 50 марта кўрилди • Комментариев к записи Илму-фан тарақкий топган давлат қудратли бўлади нет

Бугунги кунда халқимиз ўз аждодларига муносиб ворислар бўлиб, улар қолдирган бой маънавий меросларни чуқур ўрганишга интилиб, янада тараққий эттиришга, улардан маънавий куч-қувват олиб, ёруғ келажак сари дадил қадамлар ташламоқда.

Муқаддас заминимизда Астрономия фан сифатида ўрта асрларда жадал суръатларда ривожланганлигини, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, айниқса, Мирзо Улуғбек каби ўрта асрлар буюк мутафаккирларининг математика ва астрономиянинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини, бугун бутун жаҳон аҳли эътироф этаётганлиги биз учун фахрлидир.

Самарқандда «Донишмандлик қасри»ни ўз даврида қиёси бўлмаган расадхона-обсерваторияни қуриб, 1018 та юлдузлар жадвали – каталогини тузган Мирзо Улуғбекдек боболаримиз қолдирган илф-фан илдизларини янада теран ўрганиш, муносиб издошларни тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг изланишлар олиб боришига шарт-шароитлар яратиш, давлатимиз диққат марказида эканлигидан доимо ил-фан аҳли миннатдор.

Мана шундай юксак эътибор ва ғамқўрликнинг ёрқин ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилиб, 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилаётганлиги, давлатимизда ёшларимизга илм – фаннинг юксак чўққиларини забт этишига ва жаҳон кенг оммаси олдида юртимиз довруғини янада кўтаришига берилаётган имконият нишонидир.

Қарорда барча қурилиш-таъмирлаш ишлари 2018 йилнинг 1 августига қадар якунланиши, мазкур таълим даргоҳининг, 2018-2019 ўқув йили бошлангунига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан барча зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланиши кўзда тутилаётганлиги,  шунингдек, 2018-2019 ўқув йилидан мактабга 7-синфдан бошлаб ҳар бир синфда 20 нафардан ўқувчи қабул қилиниши белгилаб қуйилган.

Энг қувонарлиси, ушбу таълим даргоҳи давлатимизда астрономия илми асосларини ўргатувчи бирдан – бир ихтисослаштирилган бошланғич илм даргоҳи эканлигидан мамнунмиз.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилаётганлиги, изланувчан ва иқтидорли ёшларимизнинг орзусига айланажак, ушбу илм даргоҳига қабул қилиниш имкониятининг янада кенгайишига имкон яратади.

Энг асосийси, астрономия институти мактабнинг ўқув жараёнида етакчи мутахассислар иштирокини таъминлайди, мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда астрономия бўйича дарс ва амалий машғулотларни ташкил этиши белгиланганлиги, сифатли таълим жараёни шаклланишидан дарак беради.

Қарор асосида Астрономия институти ҳудудида “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарий ташкил этилаётганлиги, шунингдек, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини ҳамда маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонларини капитал таъмирлаш кўзда тутилаётганлиги келажак авлодларга ўтмишдаги ва бугунги илм-фан ютуқларини аслича етказиш имкониятининг кенгайишига хизмат қилади.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “4.4. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш:” бўлимида умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш муҳим мақсадлардан бири сифатида белгиланган эди.

Ушбу қарор эса Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларнинг амалий ижросини таъминлашга ва юртимиздан буюк боболаримиз йўлига муносиб издошларнинг камол топиши йўлида хизмат қилишига ишонамиз.

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси ўринбосари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.

Илму-фан тарақкий топган давлат қудратли бўлади was last modified: Сентябрь 26th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »