Илму-фанда юксакликка интилган эл

28 Сентябрь, 18:14 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 30 марта кўрилди • Комментариев к записи Илму-фанда юксакликка интилган эл нет

Бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан ҳар қандай соҳада ҳам замонавий ахборот-коммункация технологиялари билан ишлаш заруратини келтириб чиқармоқда.

Дунёнинг ривожланган давлатлари тараққиётида ҳам ахборот-коммуникация технологиялари, ўзининг алоҳида ўрнига эга эканлигини кўрамиз.

Ўз иқтисодиётининг юксалишини кўзлаган ҳар қандай давлат, энг аввола илм-фан билан ишлаб чиқаришнинг уйғунлигини таъминлашга, ҳар қандай соҳага янги инновацион технологияларни жорий этишга, янгича инновацион фикрлайдиган ёшларни тарбиялашга интилади.

Жорий йил 14 сентябрь кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам давлатимизда улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий издошларини тарбиялаш, буюк мутафаккир аллома асос солган илмий ютуқлардан баҳраманд бўлиш ва янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш ўринли-ки, буюк бобомиз Муҳаммад ал-Хоразмий IX асрда алгебра фанига асос солиб, ҳисоблашнинг ўнли тизими, ноль белгиси ва қутб координаталарини биринчи бўлиб жорий қилганлигини, бугунги кунда дунё миқёсида Ал-Хоразмий номи ва асарлари «алгоритм» ва «алгебра» каби илмий атамаларда абадийлаштирилганлигидан доимо фахрланамиз.

Мустақил давлатимизда сўнги йилларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг барча соҳалари, шу жумладан, давлат бошқаруви, жамият, таълим, тиббиёт соҳаларига жорий этиш ҳамда давлат хизматларини тақдим этиш бўйича йирик ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги бугун ўз самарасини бераётир ва ушбу ишлар шиддат билан давом эттирилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз қарори асосида ушбу мактабнинг ташкил этилиши, ёш авлодни болаликдан замонавий илм-фан асосларини ўрганиш ва уларда бой илмий меросларимизга меҳр уйғотиш, ўқувчи ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорини аниқлаш ва уларни қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар базасини яратишда катта аҳамият касб этади.

Қарорда ушбу таълим масканинг асосий вазифалари этиб –ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда ёшларимизнинг математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштирилишига эришиш, ўқувчиларни дастурлаш асослари, маълумотлар базасини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўникмаларга эга қилиш, ахборот ва медиа ҳамда интеллектуал маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантиришдан иборат эканлиги берилган.

Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай эгалланган билимни ўз ўрнида маданиятли қўллай билиш кўнликмаси ҳам инсон учун доимо зарур ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур соҳада юқори маҳоратга эга педагогларни ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси махсус мактабини яратиш, ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини тузиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам ва самарали иштирокини таъминлашни ташкил этиш ҳам мактабнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланганлиги, қарорнинг аҳамияти нечоғли юксак эканлигидан дарак беради.

Албатта, ёш авлод онгига янги замонавий илм-фан асосларини сингдириш, қобилиятларини ривожлантириш ва юзага чиқариш учун, юксак салоҳиятга эга устоз-педагог кадрлар зарур бўлади.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, мактабда ўқув жараёни халқаро андозалар асосида олиб борилиши мақсадида унга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессор-ўқитувчиларини ҳам жалб этиш белгиланган.

Бу эса ўз навбатида мактаб ўқувчиларининг иқтидор ва истеъдодларини ёрқин намоён этишларига кенг имкониятлар яратади.

Қарорнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири мактабда таҳсил оладиган ўқувчиларга барча шарт-шароитларни яратиш билан биргаликда уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириб бориш, мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларга математика, физика, информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танловлар ўтказиш, уларнинг натижаларига кўра бериладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари” номли мукофот ҳам таъсис этилмоқда.

Албатта, ўз вақтида берилган ўринли рағбат, ҳар қандай истеъдодга илм осмонида эркин парвоз қилиши учун қанот бўлари аниқ.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, биз сўз этаётган қарор билан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактаб, кўп сонли буюк мутафаккир алломаларга бешик бўлган юртимиздан келгусида ҳам муносиб издошларнинг чиқишига, юртимиз ва жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига кенг имкониятлар яратади.

Нурлибой ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон
ҳудудий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзоси,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.

Илму-фанда юксакликка интилган эл was last modified: Сентябрь 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »