buxoroliklar

Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – бош мақсадимиз

22 Сентябрь, 11:04 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 84 марта кўрилди • Комментариев к записи Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – бош мақсадимиз нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши ташаббускорлигида Бухоро давлат университетининг профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари билан “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ““Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – бош мақсадимиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатини Бухоро давлат университетининг Илмий ишлар бўйича проректори Камолиддин Самиев очиб берди.

У ўз сўзида мамлакатимизни янада тараққий эттириш, иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашда инновацияларнинг аҳамияти жуда муҳимлигини таъкидларкан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани таҳсинга сазовор экани ҳақида айтиб ўтди.

Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган илмий ва инновациявий фаолият ва у билан шуғулланувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш – мамлакат илм-фани тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Бухоро вилоят партия Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Мақсуд Ҳамидов. — Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Изланишлар натижасида “Илмий ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлар ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Айни вақтда уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш олдидан илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида муҳокама қилинмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси, аввало, соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ҳамда меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири, бу – инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир. Шунингдек, унда илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар, уларнинг ваколатлари, илмий ҳамда инновациявий фаолият субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг алоҳида боби инновациялар ва инновацион фаолиятнинг молиялаштирилиши жараёнига бағишлангани ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётида янги жараён ҳисобланган венчур жамғармалар ҳақидаги тушунча ва жараённинг баён қилинаётгани эътиборга моликдир. Қонун лойиҳасини тайёрлашда хориж тажрибаси (АҚШ, Франция, Қозоғистон, Украина) чуқур ўрганилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи мутахассисларининг қайд этишича, янги қонуннинг қабул қилиниши инновациялар ва инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради. Инновациявий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрлар инновацион тадбиркорлик соҳасида зарурий ҳуқуқий муҳитни вужудга келтиради, унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали муносабатни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга имкон беради. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши инновациялар ҳамда инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради.

Давра суҳбати мобайнида ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

“Илмий ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида сўзга чиққан Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги трансфер маркази директори, Бухоро давлат университети “Физика” кафедраси профессори Даврон Жўраев инновацион фаолият дегани – бу илмий асосланган янгиликни қўллаш дегани, — дея алоҳида таъкидларкан, инновацион фаолият билан шуғулланувчи фондларни ташкил этиш жараёнини соддалаштириш, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, Бухорода илмий ва инновациявий фаолиятни қўллаб-қувватловчи фонд тузиш борасидаги ўз таклиф ва тавсияларини берди. Шунингдек, фундаментал амалий тадқиқотлар сингари инновацияларга ҳам лоҳида эътибор қаратиш лозимлиги борасида фикр юритди.

– Тош асри тош тугагани учун тугагани йўқ, балким, янги технология кириб келгани учун тугади. Шунинг учун ҳам янгидан-янги технологияларни ишлаб чиқиш, инновациявий фаолият билан шуғулланиш –тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Илмий ва инновациявий фаолият билан шуғулланаётган интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш эса юқори самара берувчи янги инновацион технологияларнинг дунё юзини кўришига шароит туғдириб, имкониятлар эшигини очади. Партиянинг интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошираётган ишлари биз – илм-фан соҳаси ходимларини жуда руҳлантириб юборди, — дея ўз сўзини якунлади профессор Д. Жўраев.

Бухоро давлат университети “Биология” кафедраси профессори С.Бўриев эса инновацион ғоялар ярмаркаларида тузилган шартномалар бажарилишида буюртмачи ва бажарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини конкретлаштириш борасида ўз таклифини бераркан, шартномалар шартларида кўрсатилган буюртмачи томонидан тўланиши лозим бўлган маблағларни ўз вақтида тўланиши назорат остига олинса, бунинг аниқ ҳуқуқий механизми яратилса, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида гапирди. Инновациявий фаолиятни амалга ошириш жараёнида буюртмачилар томонидан шартнома бандларида кўрсатилган мажбуриятларни бажармаслиги, пул маблағларини тўлашдан бош тортиши олимларнинг изланишларига салбий таъсир этаётгани ҳақида куюнчаклик билан сўзларкан, бу борада тарғибот ишларини олиб боришда амалий ёрдам сўради.

Бухоро давлат университети “Экология” кафедраси доценти Ё.Ҳайитов инновацион фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” СДП билан ҳамкорликни кучайтириш борасида тўхталаркан, бу борадаги ўз таклифини берди.

Бухоро давлат университети илмий ишлар бўйича проректор К.Самиев эса инновацион фаолият билан шуғулланувчи педагог ходимлар, бакалаврлар, магистрлар ва докторантларни даражасидан қатъий назар моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларга имтиёзли, ипотека ва автокредитлар берилишини ташкиллаштириш, инновацион фаолият асосида тадбиркорлик билан шуғулланувчиларга фойдаланилмаётган ер ва биноларни ноль қийматида бериш сингари таклифларни бераркан, юқоридаги таклифларнинг амалга оширилиши соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этишини айтди.

Шунингдек, тадбир доирасида илмий ва инновациявий фаолият тизимида ёш олимлар билан ишлаш амалиёти ҳамда уларнинг ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан иқтидорли ёш олимларни қўллаб-қувватлаш энг асосий вазифа экани алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зухро Мирзаҳамдамова,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро ивлоят Кенгаши раиси ўринбосари

Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – бош мақсадимиз was last modified: Сентябрь 23rd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »