Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида

29 Сентябрь, 17:38 • Бухоро вилояти, Жамоатчилик муҳокамаси, Янгиликлар • 36 марта кўрилди • Комментариев к записи Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши ташаббускорлигида Бухоро давлат Тиббиёт ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институтларида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган “Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – бош мақсадимиз” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур тадбирларда профессор-ўқитувчилар, магистрантлар, партия вилоят Кенгаши ходимлари ва Бухоро шаҳар Кенгаши раиси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мақсуд Ҳамидов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси в.б.:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши шартлиги борасида фикр билдирган эди.

Мана бугун биз партиянинг масъул ходимлари мазкур таклифдан келиб чиқиб, партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилаётган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатини ташкил этаяпмиз. Тадбирни ташкиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад – илмий ва инновациявий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи мазкур ҳуқуқий ҳужжатни соҳа мутасаддилари орасида кенг муҳокамадан ўтказиб, уларнинг таклиф ва тавсияларини олиш, ўз ўрнида юқори вакиллик органларига тақдим этиш, ва шу орқали интеллектуал мулк эгаларини сиёсий иродаларини рўёбга чиқаришда кўмаклашишдан иборат.

Баҳодир Сафоев, Бухоро давлат Тиббиёт инстити илмий ишлар бўйича проректори, профессор:

Ўзбекистон “Адолат” СДП келажакда инновацияга асосланган миллий иқтисодиётни ривожлантиришга муҳим вазифа сифатида қарайди. Бинобарин, юртимизнинг илмий, илмий-техник салоҳияти иқтисодиётнинг мазкур йўналишда ривожланиши учун имкон яратади. Партия иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга, шу билан бирга, иқтисодиёт энг замонавий илм-фан ва техника ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқариш, илғор инновацион фикрлашни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниши лозимлигига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Бизнинг таълим даргоҳимиз профессор-ўқитувчилари, магистрантлари, илмий ходимлари, докторантлари иштирокида ўтказилган қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида венчур фондлари тушунчасига алоҳида тушунтиришлар берилгани инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг янги кафолатли йўналишлари юзага келаётганидан воқиф бўлишимизга сабаб бўлди.

Айниқса, илмий ва инновациявий фаолиятни тартибга солувчи мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида бизнинг таклиф ва тавсияларимизни инобатга олинаётгани қувонтирди. Зеро, соҳага доир қонун лойиҳаси муҳокамасида мутахассисларнинг таклифлари олиниши унинг мукаммал ишлаб чиқилишига замин яратади. Бу эса келажакда соҳа ривожида муҳим рол ўйнайди.

Бобир Азимов, Бухоро Муҳандислик-технология институтининг Илмий ишлар бўйича проректори в.б.:

Бугунги тадбирда Қонун лойиҳасида инновацион фаолият субъектларининг мажбуриятлари, ушбу фаолиятнинг солиққа оид тартибга солиниши, мазкур фаолиятни ахборот жиҳатдан таъминланиши, инновацион инфратузилмани яратиш, бу соҳа учун кадрлар таркибини шакллантириш, интеллектуал мулк объектлари ва технологиялар трансфери, инновацион фаолиятни суғурталаш билан боғлиқ, шунингдек, инновациялар ва инновацион фаолиятга дахлдор низоларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилиши ҳақидаги нормалар ўз аксини топгани тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни тингладик. Қонун лойиҳасига ўз таклиф ва тавсияларимизни бердик. Илмий тадқиқотчиларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграциясини ошириш қонуний ечимларини топиш, ТВда соҳага доир янгиликларни ёритувчи махсус канал ташкил қилиб, унда илмий ва инновациявий фаолият натижаларидан фойдаланаётган корхонларнинг ишлаб чиқариш жараёнини намойиш этиб бориш, ҳар бир корхонанинг ўз инновацион фонд маблағи бўлиши лозимлигини қонуний йўл билан ҳал этиш, илмий ва инновациявий фаолият натижаларидан фойдаланаётган корхонларга солиқ имтиёзларини бериш, илмий тадқиқотларни интеграциялаш сингари таклифлар шулар жумласидандир.

 Кенг илмий жамоатчилик ўртасида қизғин мунозарага сабаб бўлган қонун лойиҳаси муҳокамасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатда интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоялаш жараёнларини тезлаштириш масалалари кўзда тутилмагани, корхона ва ташкилотларнинг алоҳида инновацион фондини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, ушбу фонд маблағларининг фақат инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши белгилаб қўйилиши кераклиги борасидаги таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокамада йиғилганлар томонидан қонун лойиҳасида ёш иқтидорли олимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш – илмий ва инновацион фаолиятни янада ривожланишига олиб келиши таъкидланди.

Давра суҳбати якунида қонун лойиҳаси юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Низомиддин СУВОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар” қаноти ҳузуридаги

“Адолат ниҳоллари” интеллектуал клуби етакчиси,

Бухоро муҳандислик-технология институти 3-босқич талабаси.

Интеллектуал мулк эгаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »