qashqadaryo ahli

Қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитлари яратилмоқдами?

18 Сентябрь, 16:19 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 88 марта кўрилди • Комментариев к записи Қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитлари яратилмоқдами? нет

Қарши туманидаги 51 та фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги маҳаллаларда 231 732 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туманда Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан халқ фаровонлигини тубдан яхшилаш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Айниқса, Қуйибешкент маҳалласида бу борада олиб борилаётган хайрли ишлар барчани мамнун этаётир.

– Маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли қишлоқларимизда 5000 нафарга яқин киши истиқомат қилади, – дейди йиғин раиси Қурбон Муртозаев. – Одамларимиз асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ҳудудимизда битта мактаб, битта коллеж бор. Ўзимизнинг маҳаллада улғайган қизлар учун тикувчилик, қандолатчилик цехини очаяпмиз. Ҳозир 10 нафар маҳалламиз чеварлари қўли гул тикувчилардан касб сирларини ўрганишди. Аҳолига элита пардалар тикиб бериш тадоригини кўришмоқда. Тикув машиналари сотиб олиш учун эса ҳомийлар ҳам бор.

Дарҳақиқат, Қуйибешкентда бугун аҳолига 10 дан ортиқ ошхона, 4 та гўзаллик салони, 20 га яқин савдо дўкони, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устахона, телефонларни таъмирлаш, 8 та маиший хизмат шахобчалари хизмат кўрсатмоқда.

– Шу неча кундузда маҳалламиз ҳудудида янги тиббиёт муассасаси ҳам қурилаяпти, – дейди кўчабоши Шокир Файзиев. – Мазкур соғлиқни сақлаш муассасаси келгусида “Саломатлик 2” лойиҳаси доирасида зарур ускуналар билан жиҳозланади. Умуман, қишлоғимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш йўлида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.

– “Адолат” СДП ғояларига ҳамоҳанг тарзда қайнона-келинлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, ёшлар онгида миллий қадриятларимизга ҳурматни кучайтириш, қизларни турмушга тайёрлашга қаратилган аҳоли билан мунтазам равишда юзма-юз мулоқотлар ташкил этаяпмиз, – дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, халқ депутатлари туман Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш ва ёшлар сиёсати ҳамда соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия”си раиси Муқаддас Мирсаидова. – Шунга монанд “Хотин қизлар фаол ва ташаббускор”, “Ҳар бир оила китобхон”, “Фарзандингиз китоб ўқийдими?”, “Қизгина оилага тайёрмисан”, “Соғлом турмуш тарзини шакллантириш”, “Тил билган — эл билади” мавзуларида уюштирилаётган мулоқотларимиз аҳолига манзур бўлмоқда. Айниқса, ҳар бир мавзу юзасидан ўтказилаётган учрашувларда соҳада бевосита фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг иштирок этаётгани айни муддао бўлаётир.

Ҳа, Қуйибешкент қишлоғида турли диний оқимларга мойиллик, жиноятчилик каби салбий ҳолатлар, профилактик назоратда турадиган тарбияси оғир ёшлар йўқ. Ўқувчилар, барча қишлоқ ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳудуддаги коллеж ва мактабда турли хил тўгараклар ташкил этилган. Мураббий Комил Полвонов раҳбарлигида спортнинг турли машғулотларига қишлоқнинг 150 нафардан зиёд ёшлари қатнайди. Энг муҳими, спорт зали ва мажмуалари сифатли таъмирланиб, ёшлар жисмоний тарбия сирларини мукаммал ўрганишлари учун барча қулайликлар яратилган.

Маҳалла фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кўчаларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, табиатни асраш, коммунал муаммоларни бартараф этиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда барчанинг бирдек жонкуярлиги диққатга сазовор.

– 2016-2017 йиллар давомида қишлоғимизда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди нуроний Чори Худоёров. – Ҳудудимизга қарашли йўлларнинг катта қисмига асфальт ётқизилди. Ўтган ойда мен яшаётган Теппа кўчанинг 400 метрга яқин носоз йўлига шағал тўкилиб, ободонлаштириш бошқармаси томонидан қудратли, замонавий техникалар ёрдамида таъмирлангани жуда яхши бўлди. Ичимлик суви масаласида муаммомиз йўқ. Фақат шу кўчамизга асфальт ҳам тезроқ ётқизилса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Фуқаролар йиғини раисининг таъкидлашича, айни пайтда юртбошимизнинг ҳар томонлама эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижасида қишлоқда кичик бизнес, жумладан оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони кўпайиб бораётир. Шорасул Худоёров, Шухрат Файзиев, Ором Самариддинов, Тўлқин Худойбердиев, Худойқул Отаев, сингари тадбиркорлар чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона хўжалигини йўлга қўйиб, сут, қатиқ ва тухум, сабзавот маҳсулотларини етиштиришда қишлоқдошларига ўрнак бўлишмоқда. Комил Худойбердиев, Бойқобил Янгиев, Тўлқин Худойбердиев, Исроил Саидмуродов ва бошқа қишлоқ тадбиркорлари эса савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат, ҳунармандчилик, касаначилик, кичик бизнесни ташкил этиш ҳисобига жорий йилнинг ўтган ойларида 50 га яқин маҳалладошларини иш билан таъминлашга муваффақ бўлдилар.

– Мен тадбиркор Ором Самариддинов ташкил этган савдо мажмуасида ишга жойлашганимдан мамнунман, – дейди биз билан суҳбатда Ихтиёр Баҳринов. – Оиламиз аъзолари билан янги мажмуада сомсахона ҳам очдик. Аҳолига хизмат кўрсатаяпмиз.

Дарвоқе, куни кеча маҳаллада “Ҳомид бобо ўғли Каромат ота” чойхонасининг ишга туширилгани ҳам аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Қуйибешкентда бугун барчаси бутунлай бошқача. Аниқроқ айтадиган бўлсак, одамларнинг турмуш сифати кундан- кунга ривож топиб, қишлоқлар қиёфаси ҳам ўзгача чиройга бурканаяпти.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитлари яратилмоқдами? was last modified: Сентябрь 23rd, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »