Китоб – инсоннинг чин дўсти

27 Сентябрь, 12:29 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 47 марта кўрилди • Комментариев к записи Китоб – инсоннинг чин дўсти нет

Китоб инсоннинг энг яқин дўсти десак адашмаймиз. Сабаби инсоният оламининг энг катта бойликларидан бири, шу билан бир қаторда билимлар сандиғи бўлмиш китоб хоҳ бадиий, хоҳ сиёсий бўлсин у ўз оламига қамраб олади. Орамизда бирорта ҳам китоб ўқимаган инсон бўлмаса керак. Биз биринчи бор қўлимизга алифбо китобини олиб ундаги ҳарфларни ўргана бошлаганимизда китоб оламининг илк остонасига қадам қўйиб улгурганмиз. Кўп китоб ўқиган киши атрофдагилардан теран фикри, равон нутқи ва ажойиб ҳаёлот олами билан ажралиб туради. Китоб ўқиган киши унинг моҳиятини тушунган кишининг онги ва тафаккури юксак бўлади. Қўлига китоб олган инсон ўзини оз бўлсада маърифат оламида ҳис этади. Юртимизда ёшларга жуда кўп имкониятлар яратилаётгани барчамизга сир эмас.

Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонлик рухини кучайтириш, уларнинг қалбида маърифат чироғи бўлмиш китобга муҳаббат уйғотиш, саводхонлик ва китобсеварлар мавзуларини юқорига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Куни кеча матбуотда эълон қилинган Юртбошимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ўсиб келаётган ёшларнинг тарбияси ҳукуматимизнинг диққат эътиборида эканлигидан, китоб мутолаа қилиш хозирда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.

Бундан ташқари жойларда ўтказилаётган “Китобхон оила”, “Бир оилада уч китоб”, “Фарзандимга китоб совға қиламан” ва “Маҳалламиз китобхонлари” каби турли мавзудаги тадбирлар ҳам нафақат биз ёшлар балки халқимиз маънавиятига ҳисса қўшувчи омил бўлмоқда десак адашмаган бўламан. Ўзим партия вилоят Кенгашининг “Ёш адолатчилар” қанотининг фаолларидан ҳисобланаман ва кўплаб тадбирларда фаол иштирок этишга интиламан. Кўпроқ ўқиб изланишимда устозларим ва “Адолат” партиясининг ҳиссалари бор. Ҳар бир ўтказилаётган тадбирдан ўзимга керакли хулосаларни чиқаришга интиламан. Ўтган давр мобайнида “Интернет маданиятини юксалтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш – муҳим вазифамиздир”, “Ёшлар ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни”, “Одам савдосига қарши кураш ҳамда аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясини олдини олиш” мавзуларидаги тадбирлар менда катта таассурот қолдирган. Китоб – инсоннинг чин дўсти ҳисобланади. Уни қанчалик ўқиб ўрганганимиз сари билмаган нарсаларимиз, маълумотларимиз шунчалик кўп эканлигини тушуниб бораверар эканмиз. Тўғри, интернет орқали ҳам кўпгина маълумотларни қўлга киритишимиз ҳам мумкин, лекин китобдаги ҳамма маълумотлар ҳам ижтимоий тармоқларда бўлавермаслигини гувоҳи бўлганман.

Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлари, кўрсатаётган ғамхўрлигидан бошимиз кўкка етади. Бундай имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан китоб ўқиб, илм олиб, юксак марралар сари интилмаслик, нонкўрликдан бошқа нарса эмас деб биламан. Мен ҳам Ўзбекистонимизнинг бахтли ижодкор ёшларидан бири сифатида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланшга, чуқур билим эгаллашга, интилмоқдаман. Ўқишдан ташқари шеърият оламида ижод уммонига шўнғиганман. Жорий йилда “Муҳаррир” нашриётида “Оппоқ орзулар” номли китобим нашр этилди. Ушбу китобда, турли мазмундаги шеърларим ўрин олган. Келажакда барча ёшларга ўрнак бўладиган инсонлардан бири бўлмоқчиман, зеро Ўзбекистон келажаги биз каби фаол ёшларнинг қўлида деб биламан.

Ўзбекистоним

Мен сенинг бағрингда туғилдим, ўсдим,

Мен сенинг бағрингда ўйнадим, кулдим.

Тоғларинг ҳавоси тиниқ, мусаффо

О, Ўзбекистоним, ўзингсан танҳо.

 

Сен дунёда тенги йўқ гўзал диёрсан,

Сен менинг тилимда янграр шиорсан.

Навоий, Қодирий ўтган диёрсан,

О, Ўзбекистоним, ўзингсан танҳо.

 

Тўрт фасл – тўрт хилсан, гўзалсан бирам,

Товуснинг патида товланар олам,

Қуёшнинг нуридан яралган нолам,

О, Ўзбекистоним, ўзингсан танҳо.

 

Бошингда оқ рўмол кулиб турасан,

Болаларингга гул териб турасан,

Йиқилса, қоқилса ўнглаб қўясан,

О, Ўзбекистоним, ўзингсан танҳо.

 

Сенсиз ҳаёт нима? Қуриб қолган гул,

Сенсиз ҳаёт нима? Яраланган дил,

Мени ҳам ўзингнинг бир парчанг деб бил,

О, Ўзбекистоним, ўзингсан танҳо.

Нозима АҲМАДАЛИЕВА,

Гулистон шаҳар “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли,
1-Гулистон академик лицейи ўқувчиси.

Китоб – инсоннинг чин дўсти was last modified: Сентябрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »