Маҳалла аҳли сиёсий ўқувга қизиқиш билдиришмоқда

15 Сентябрь, 17:17 • Сиёсий ўқув, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 84 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳалла аҳли сиёсий ўқувга қизиқиш билдиришмоқда нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир”,- дея таъкидлаб, бу борада “соатдек аниқ ишлайдиган механизм” яратиш зарурлигини қайд этган эди.

Мамлакатимизда қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва қонунларни сўзсиз ижро этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришда давлат органлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари, хусусан, сиёсий партияларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсадда, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият  пойдевори!” лойиҳаси мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этиш, пировардида, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоятининг барча шаҳар, туман Кенгашларида ҳам мазкур лойиҳа доирасида ҳафтанинг ҳар сешанба кунлари сиёсий ўқувлар ўтказиб келинмоқда.

Учрашувларда маҳалла аҳли иштирок этиб, ҳафта давомида юртимизда ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий янгиликлардан бохабар бўлишмоқда. Унда маҳаллалар томонидан белгиланган маърузачилар йиғилганларга республикамизда бўлаётган энг муҳим ўзгаришларнинг аҳамияти, қарор ва фармойишларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида кенг тушунчалар беришмоқда.

Жумладан, Зангиота тумани “Наврўз”, “Нурафшон”, “Хонобод”, “Гулбоғ”, “Эркингузар”, “Қуёшли”, “Янги ҳаёт” каби маҳалла фуқаролари йиғинларида Дилором Юсупова, Нодир Исроилов, Миробид Қурбонов, Комила Хусановалар сингари кўплаб маърузачилар ҳафта янгиликларига оид маърузалар билан фуқароларнинг сиёсий саводхонлигини оширишда ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Маърузадан сўнг, маҳалла аҳли ўзларини қизиқтирган  саволлари билан иштирок этишмоқда. Партиянинг туман Кенгаши раиси Янгибой Мустафақулов фуқароларнинг мурожаатларига атрофлича жавоб бериб келяпти. Ўз навбатида йиғилганлар ҳам маҳаллаларда ўтказилаётган сиёсий ўқувларда кўплаб маълумотларга эга бўлишаётганини билдиришиб, миннатдорчиликларини мамнуният билан изҳор этишмоқда.

Қибрай тумани Кенгаши ҳам маҳаллаларда сиёсий ўқувлар ўтказишда илдамлик билан ҳаракат қилишяпти. Хусусан, “Селекция”, “Бунёдкор”, “Наврўз”, “Тинчлик” маҳалла фуқаролари йиғинларида бўлиб ўтган учрашувлар самарали ташкил этилди. Бу жараёнга туман ёшларини кенг жалб қилиниши катта аҳамиятга эгадир. Албатта, эртанги кунимиз эгалари бўлган ўсмирларнинг билимларини кенгайтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, бугуннинг энг долзарб вазифаларидандир.  Бу борада партиянинг Қибрай тумани Кенгаши раиси Азамат Акромов дадиллик билан қадам ташламоқда.

Дурдона Тожиматова, Қибрай тумани Молия ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчи:

  • “Адолат” партияси томонидан маҳалламизда бўлиб ўтган сиёсий ўқув мен каби барча тенгдошларимда ҳам катта таассурот қолдирди. Боиси, унда берилаётган маълумотлар бугуннинг муҳим ва қизиқарли воқеа-ходисалари эканлиги, ҳеч биримизни эътиборсиз қолдирмаяпти. Бу эса, дунёқарашимизни кенгайтиришда, Она юртимизни асраб-авайлашга, жамиятимизда бундан-да ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилишида, биз ёшлар ҳам ўз билимимиз ва ҳаракатларимиз билан жавоб бермоғимиз лозимдир.

Айниқса, Бўстонлиқ тумани Кенгаши раиси Акром Саидалиев маҳаллаларда сиёсий ўқувларни ўтказишда бошқа туман Кенгашларига намуна бўлмоқда. У “Намуна”, “Чақчам”, “Гижол”, “Ушқоф” маҳалла фуқаролари йиғинларида кўтаринки руҳда ташкил этилган учрашувларида аҳолини кенг жалб қилиши ва уларга етарлича маълумотлар бериб бораётгани билан таҳсинга лойиқдир.

Шунингдек, мазкур сиёсий ўқув Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Бекобод шаҳар, Оҳангарон каби туманларда ҳам юқори савияда ўтказилмоқда. Унда маҳалла аҳли мазмунли маъруза ва қизиқарли суҳбатларнинг гувоҳи бўлишиб, ўзларининг илиқ фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Маҳалла аҳли сиёсий ўқувга қизиқиш билдиришмоқда was last modified: Сентябрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »