Мактабгача таълим етуклик пойдеворидир

29 Сентябрь, 15:20 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 38 марта кўрилди • Комментариев к записи Мактабгача таълим етуклик пойдеворидир нет

Халқимиз азалдан бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, юксак қадрият сифатида улуғлаб, жаҳон аҳлига доимо намуна кўрсатиб келган.

Мактабгача ёшдаги болаларга таълим ва тарбия беришнинг ўзига хос хусусиятлари ва нозик жиҳатлари борлиги ҳеч сир эмас.

Ушбу йўналишда давлатимизда ўтган давр мобайнида мактабгача таълимни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганлиги барчамизга яхши маълум.

Бугунги кунда давлатимизда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш учун катта миқдордаги давлат бюджети маблағлари ажратилиб, соғлом ва ҳар томонлама ривожланган ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш йўлида кўп минг сонли мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Лекин ушбу соҳада олдимизда бир қатор аҳамиятли долзарб масалаларнинг ўз ечимини кутиб турганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Айниқса, болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлақонли қамраб олишда мавжуд ички имкониятнинг етарли эмаслиги, мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш даражаси, болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш масалаларида жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

Ушбу масалалардан келиб чиқиб, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2017 йил 9 сентябрда имзоланган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилиши ҳам бежизга эмас.

Қарор билан танишар эканмиз, мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилаётганлигини ва уни амалга оширишнинг барча механизмлари унда акс этганлигини кўришимиз мумкин.

Қарор билан 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланмоқда.

Аҳамиятли жиҳати, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Болаларимиз келажагини кўзлаб, уларнинг кичик ёшдан сифатли таълим ва тарбия олишларини мақсад қилган ушбу қарорда, инвесторларга ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши шартлари назарда тутилмоқда, шунингдек уларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар такдим этилиши ҳам назарда тутилган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида руҳсат берилмоқда.

Бу эса ўз навбатида болаларимизни сифатли озиқ-овқатлар билан таъминлашда тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатнинг юзага келишига хизмат қилади, соғлом рақобат эса, ўз навбатида тараққиётга хизмат қилади.

Мана шу экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланганлиги, мавжуд муаммоларнинг ижобий ечим топиши ва амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилиши аниқ.

Мазкур қарорнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири бу мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилаётганидир.

Ушбу комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилиши, зарур инфратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган.

Албатта, бола тарбиясининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, мавжуд таълим-тарбия системасини такомиллаштириб бориш, янги педагогик технологияларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиш масалалари ҳам ўта муҳимдир.

Мана шуларни ҳисобга олиб, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам қарорда ўз аксини топган.

Энг асосийси, қарорда келажагимиз эгаларини миллий тарбиямиз негизида вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мувофиқлаштирилиши белгиланганлиги, ҳар бир ота-она ва тарбиячи-педагогларга катта қувонч, хурсандчилик ҳадя этмоқда.

Нодавлат мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида Комиссияга мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилганлиги хусусий секторнинг эркин фаолият олиб боришига кенг имконият яратади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш орқали фарзандларимиз баркамоллигига эришишни назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир.

Ерназар КУННАЗАРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси.

Мактабгача таълим етуклик пойдеворидир was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »