Маслаҳатли тўй тарқамас

5 Сентябрь, 12:41 • Бухоро вилояти, Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 58 марта кўрилди • Комментариев к записи Маслаҳатли тўй тарқамас нет

Азалдан халқимиз “Топганинг тўйингга буюрсин!” деб бир-бирига яхши ниятлар билдиришади. Албатта, тўй қариндош-уруғларнинг дийдорлашуви, бир-бирининг яхши кунларида хизматда бўлиши билан ҳам мароқли маросим ҳисобланади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёли вакиллари билан учрашувдаги маърузасида, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳақида айтган сўзлари барчамизга тааллуқли ва бундан ҳаммамиз тегишли хулоса чиқаришимиз лозим.

Ёшлик йилларимизга назар соладиган бўлсак, тўй бошлаган хонадоннинг ёши улуғ кишилари, агар улар бўмаса, маҳалла-кўйнинг ҳурматли отахонлари биргаликда кенгашиб, тўй эгаларига камчиқим қилиб, тўй кунини белгилаб келишар эди. Ёшлар умуман тўй ташвишларига аралашмас эдилар. Бу келин-куёв учун уят саналар эди.

Бироқ ҳозир жуда кўп ёшларимиз тўйнинг бошидан охиригача “замона зайли” деб ўзлари истаганча буюртма қилишмоқда. Натижада ота-оналар фарзандим бировдан кам бўлмасин, дея тўйлар ўтказишади. Қарабсизки, ҳамма ташвиш, етишмовчилик, тўйингга фалон сўм сарфладим, энди қарзларни тўлаш керак, деган дийдиёлар кўпаяди.

Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишда Юрбошимиз томонидан қабул қилинган қарорлар айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Яна тўйларимиздан кейинги “тўйча”ларнинг кўпайиб кетаётганига нима дейсиз? Қизларнинг ортидан бораётган хориж мебелларию, сандиқ тўла идиш-товоқларнинг-ку сон-саноғи йўқ, нима эмиш, келин-куёв қийналиб қолишмасин экан.

Ҳар бир йигит уйландими, хонадоннинг хўжайини сифатида оиласининг бекаму-кўст бўлишига масъулдир. Хусусан, бўлажак келин қизларимизга оила дарси, одоб-ҳаё, қайнота-қайнонани ҳурмат қилиш, оила-рўзғор тутиш сирларини ўргатишимиз жуда муҳим. Миллий урф-одатларга амал қилган ҳолда тўй-у тан-таналаримизни ўтказсак, нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни холисона баҳо бериш баробарида тўйларимизни миллий руҳда, камчиқим, ихчам, анъаналарни қадрлаган ҳолда ўтишига биргаликда ҳисса қўшиш энг асосий вазифамиздир.

Мавлуда БОЛТАЕВА,

Халқ депутатлари Жондор туман Кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Маслаҳатли тўй тарқамас was last modified: Сентябрь 5th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »