Мустақиллик – энг олий неъмат!

1 Сентябрь, 16:35 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 86 марта кўрилди • Комментариев к записи Мустақиллик – энг олий неъмат! нет

Истиқлол ва эркинлик ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун энг азиз неъмат саналади. Ўзбек халқи ана шу қутлуғ неъматни қўлга киритганига бу йил 26 йил тўлди. Халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам бўлган ушбу айём бу йил юртимизда “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон” шиори остида кенг нишонланмоқда.

Бу йилги байрам ҳар йилгиданда ўзгача кайфиятда кутиб олинмоқда. Юртдошларимизнинг қалбида шукроналик, кўтаринки кайфият ҳукм сурмоқда. Боиси бу йил дунё мусулмонларининг муқаддас айёми – Қурбон ҳайити ҳам айнан 1 сентябрга тўғри келди. Бунда ҳам қандайдир бир ҳикмат мужассам. Боиси, ана шундай қўшалоқ байрам кунларида халқимиз мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасини ёд этмоқда. Мустақиллигимизнинг қўлга киритилиши ва халқимизнинг чорак аср мобайнида босиб ўтган ўзига хос тараққиёт йўли айнан шу инсон билан боғлиқ экани айни кунларда яна бир бор эътироф этилмоқда.

Кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан энг аввало Ислом Каримовнинг истиқлолни қўлга киритишда ҳамда мамлакатимиз ўтган қисқа давр ичида улкан ютуқларнинг қўлга киритилишидаги тарихий хизматлари беқиёс бўлганини эътироф этди.

Ҳақиқатдан ҳам, Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан айнан 31 август куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Оқсарой қароргоҳи олдида Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкалини очилгани ҳам халқимизнинг буюк фарзандига бўлган эҳтиром бўлди. Айниқса, Юртбошимизнинг “Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди.”, деган фикрлари барчамизни яна бир бор таъсирлантирди.

Шунингдек, Ш.Мирзиёев табрик сўзида жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги кескин бир давр барчамиздан янгича ишлаш ва фикрлашни, юқори даражада сафарбарликни талаб этаётганини алоҳида таъкидлади. Олдимизда турган ана шу улкан вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамиятига яна бир бор эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида босиб ўтилган йўлимиздан хулоса чиқарган ҳолда истиқболимизни белгилаб берган мазкур Қомусий ҳужжатда жамиятимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилган улуғ мақсадлар илгари сурилган ва биз ушбу мақсадни амалга ошириш йўлидан собитқадамлик билан одимламоқдамиз.

Айниқса, ушбу Стратегияда ижтимоий соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, табиий газ ва электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат, йўл қурилиши соҳаларида мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш, ички ишлар идораларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича амалий ҳаракатлар бошланганлигини бугун энг чекка қишлоқ аҳолиси ҳам сезмоқда, ўз ҳаётидаги ўзгаришларда ҳис қилмоқда.

Қолаверса, парламент ва фуқаролик жамиятининг муҳим институтлари бўлган сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтаришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли халқимизнинг ўзлари сайлаган вакилларга бўлган ишончи ошмоқда. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли янада мустаҳкамланмоқда

Умуман, Президентимиз табрик сўзида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни глобаллашувнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилиш, мактаб ва мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни сақлаш борасида тилга олинган устувор вазифалар барчамизни яна бир бор Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, юртимизнинг янада тараққий этиши ҳамда халқимизнинг бунданда фаровон ҳаёт кечириши йўлида бор кучимиз ҳамда салоҳиятимизни сафарбар этишга ундади.

Умид СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Мустақиллик – энг олий неъмат! was last modified: Сентябрь 1st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »