Буюк Юртбошимизнинг тарихий жасорати

4 Сентябрь, 17:01 • Депутат минбари, Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 241 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Буюк Юртбошимизнинг тарихий жасорати

Собиқ совет тузумининг мустамлака давлатлар халқи ҳаёт тарзи, табиатига тамоман ёт мафкураси, сохта ғоялари, бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил наздида иш юритиш, иқтисодиётда бир тарафлама сиёсат юритиш, сон ортидан қувиш, қўшиб ёзиш, маъмурий-буйруқбозлик, пахта яккаҳокимлиги туфайли экин майдонлари унумдорлиги, ҳосилдорликни пасайиши, ишчининг маошидан бўлак даромади бўлмаган бир шароитда халқнинг оғир меҳнатдан, жабр зулмдан тинка мадори қуриши, сабр-косаси тўлиши оқибатида шўро давлатининг устунлари чириб, емирилаётгани нишоналари акс этарди. Мустамлакачиликнинг қонли ҳамда дахшатли қахри халқнинг энг фидойи, ватанпарвар, зиёли фарзандлари гарданига тушиб, қатағон қилиниши, ёппасига қулоқлаштирилиши, “Пахта иши” ортидан айбсиз фуқароларнинг қатл этилиши, қўрқув исканжасида тутиб турилиши бутун бошли ҳокимият таназзулга юз тутиб, жар ёқасига келиб қолганини англатарди.

…1991 йил 31 август куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай таҳликали, оғир бир шароитда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши VI сессиясида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини расман эълон қилди. Шу кундан эътиборан жаҳон харитасида демократик тамойиллар асосида ривожланиш йўлини танлаган, қонун устуворлиги бош мақсад этилган, инсон манфаатлари олий қадрият сифатида тан олинган янги давлат пайдо бўлди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг тарихий жасорати туфайли топталган қадриятларимиз қарор топиб, тарихий хотира тикланди, янги жамият қуриш ишлари изчиллик билан бошланди.

Юртимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, Биз бугун халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган, истиқлол йилларида босиб ўтган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли йўлимизни сарҳисоб қилар эканмиз, тарихан қисқа бир даврда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш, миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни тиклаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритганимизни фахр билан тилга оламиз.

Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан Ўзбекистон умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган вазиятда, кўр-кўрона жамоалаштириш тизимидан воз кечилиб, иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётган мамлакатга айланди ҳамда “ўзбек модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлини белгилади ва давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.

Тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида жамиятнинг барча жабҳасида ривожланиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда давлатимиз нуфузини юксалтириш, энг муҳими, тинчлик, осойишталик барқарор бўлган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш даврига қадам қўйилиб, унда бутун халқимизнинг орзу-истаклари мужассам топди.

Асрлар оша халқимизнинг орзуси бўлган мустақилликни қўлга киритганимиздан кейинги ўтган йигирма олти йил Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳаётида катта синовлар, тарихий  ислоҳотлар мухтасар қилиб айтганда, миллий тараққиёт даври бўлди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакат тараққиёт йўлининг истиқболли ҳамда халқ манфааатини таъминлаш, фаровон ҳаёт яратиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борган оқилона сиёсати ҳамда ўзбек халқининг қатъияти, матонати туфайли биз нафақат эркимиз, ўз келажагамизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлдик, балки халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, тараққий топган давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини ўрнатиш имконига эга бўлдик.

Шубҳасиз, Ўзбекистон давлатининг мустақилликни қўлга киритиши Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев истиқлолимиз меъмори ва асосчиси бўлган Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрида яратилган Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросимида таъкидлаганидек, Буюк Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўтган даврда биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга қарамасдан, мустақил мамлакатимиз янги тарихий шароитда оёққа туриб, инсонларнинг турмуш шароитлари яхшиланди, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Жумладан, аҳолининг саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани,  ўртача  умр  кўриш  даражаси  66 ёшдан 73,5 ёшга,  аёллар  ўртасида 76 ёшга узайгани, Ўзбекистон иқтисодиёти 5,5 баробар, аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда салкам 9 баробар ўсди, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари, камдан-кам давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда мамлакатимиз аҳолиси бу даврда 1,5 марта кўпайиб, 33 миллион кишидан ошганини инобатга олсак, истиқлол бебаҳо неъмат эканлигига яна бир бор амин бўлади, киши.

Мустақиллик йилларида халқимиз 13 миллион кишига кўпайгани бизнинг қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимизни, эл-юртимизнинг ҳаёт сифати ва фаровонлиги ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди. Шу билан бирга фуқароларнинг бирортаси ҳам ўзини ўтган асрнинг 90-йилларидаги кайфият билан юрган инсон деб ҳисобламайди. Шу маънода, маънавият соҳасида эришилган энг катта ютуғимиз — халқимизнинг онгу тафаккури бутунлай ўзгариб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайгани, янги марралар сари касб этганидадир.

Бунинг ҳаётий ифодасини юртимизда истиқомат қилаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оиланинг орзу-интилишлари рўёбга чиқаётганида, одамларнинг дунёқараши юксалиб, ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгараётганида, энг муҳими, эртанги кунга, фаровон ҳаётга бўлган ишончда кўриш мумкин.

Юртимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари жамият, даврнинг қахрамонларини яратди.  Янги шахснинг Ватан ҳақидаги тасаввури барқарорлашди, «Ўзбекистон – Ватаним маним» деб баралла айтадиган бўлдик, чунки мамлакатимиз мустақил миллий давлатга айланди.

Мустақиллик халқимизга ўз даласида меҳнат қилиш, ҳосил етиштириш, тадбиркорлик қилиш, энг муҳими  мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини яратди. Хусусан, томорқа ва шахсий ер ажратиш тўғрисидаги илк қадам “Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида” қарор қабул қилиниши билан ташланди. Ушбу тарихий ҳужжатда қишлоқда яшовчи ҳар бир кишига ўртача 25 сотиҳдан ер ажратиб бериш ва томорқа майдонларини қарийб 4,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилган эди. Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989-1990 йиллар давомида бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага янги томорқа ерлари ажратилди. Ўз вақтида оқилона йўл тутилиши сабабли истиқлолнинг дастлабки йилларидаги мураккаб шароитда озиқ-овқат муаммосини ҳал этишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилди. Шубҳасиз, ҳали тараққиёт моделининг аввал иқтисод, кейин сиёсат тамойили нечоғли катта аҳамиятга эга эканлиги ўз исботини топди.

Биринчи Президентимизнинг “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган чуқур маъноли сўзлари ўша кезлардаги оғир шароитдан воз кечиш пайти келганини англатарди.

Мустақиллик бизга буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш ҳамда буюк зотларга муносиб соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар яратди.

Мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда қўлга киритган ютуқлари, буюк бунёдкорлик ишларини дунёнинг кўзга кўринган рейтинг агентликлари ҳисоботидан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми эълон қилган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринда қайд этилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети ташкил этган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 мамлакат орасида 44-поғонада, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар орасида эса биринчи ўринда қайд этилди. Яқинда эса дунёнинг қатор нуфузли халқаро ташкилотлари, тадқиқот институтлари томонидан эълон қилинган Бахтиёрлик ва хушкайфиятлилик индексига кўра, 142 мамлакат орасида Ўзбекистон 3-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1-ўринда туриши эътироф этилди. Эришилган ютуқ ва марралар замирида халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати мужассам. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик жараёнлар халқимиз ҳаёти ва турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов узоқни кўзлаб олиб борилган сиёсати давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан мантиқан давом эттирилиб, юртбошимиз ғояси ва ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” тамойилига асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ғоят таъсирчан шиорни бугунги кунда юртни янада обод қилишга, унинг равнақига ҳисса қўшишга интилган ҳар бир ўзбекистонлик ғурур, фахру ифтихор билан қабул қилмоқда.

Айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши тараққиёт йўлини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

 Ҳаракатлар стратегиясида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланиб, ушбу ғоя ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Бугунги кунда барча бўғиндаги ҳокимлар, вазирлик ва идоралар, прокуратура, суд-ҳуқуқ ва ички ишлар органлари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар бевосита жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот олиб бормоқда.

Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Президентимиз мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида  “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ҳаётбахш ғояни илгари суриши эса, халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ушбу ғоя орқали бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда.

Шунингдек, узоқ йиллардан буён халқимизни қийнаб келаётган ўткир бир муаммо – арзон уй-жойлар масаласини ҳал этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур қабул қилинди.

Албатта, ушбу дастурнинг замирида халқнинг дарду ташвишига ўз вақтида эътибор қаратиш, инсонларнинг эртанги порлоқ келажакка ишончини кучайтириш, меҳнати самараси, фарзандининг роҳатини кўришдек эзгу мақсадлар мужассамдир.

Шуниси эътиборлики, ушбу дастурга биноан келгуси беш йилда 1 минг 136 та кўп қаватли, арзон уй-жойлар, жумладан, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида 100 мингдан ортиқ турар жой бинолари барпо этилади.

Қувонарлиси, мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир қарор, ҳар бир дастур, Ўзбекистон эришаётган ва  дунё тан олаётган улкан натижаларнинг негизида инсон омили турганини кўриш мумкин. Зеро, ислоҳотларимиз ҳаётни ўзгартирмоқда, ҳаёт эса одамларнинг тафаккурини, дунёқарашини ўзгартиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу эзгу ислоҳотлар Биринчи Президентимизнинг “инсон — ислоҳот учун эмас, ислоҳот — инсон учун хизмат қилиши керак”, деган ғоялари ва орзу-ниятлари рўёбга чиқаётганидан яққол далолат беради.

Мухтасар айтганда, юртимиз эришаётган бу каби ютуқлар, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг юксалиши — барча-барчаси тинчлик ва осойишталик туфайли қўлга киритилаётганини барчамиз юксак қадрлашимиз ва уни мустаҳкамлаш учун курашишимиз ҳамда турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш даркор.

Шохрух МАМАДЖАНОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Буюк Юртбошимизнинг тарихий жасорати was last modified: Сентябрь 8th, 2017 by matbuot

Буюк Юртбошимизнинг тарихий жасорати учун битта шарҳ

  1. Бобир Отамуродов:

    Шу фикр жуда ҳам тўғри деб ҳисоблайман. «Мустақиллик йилларида халқимиз 13 миллион кишига кўпайгани бизнинг қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимизни, эл-юртимизнинг ҳаёт сифати ва фаровонлиги ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди. Шу билан бирга фуқароларнинг бирортаси ҳам ўзини ўтган асрнинг 90-йилларидаги кайфият билан юрган инсон деб ҳисобламайди. Шу маънода, маънавият соҳасида эришилган энг катта ютуғимиз — халқимизнинг онгу тафаккури бутунлай ўзгариб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайгани, янги марралар сари касб этганидадир.»

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »