Оилавий ажримлар камайишига эришилади

25 Сентябрь, 12:21 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 89 марта кўрилди • Комментариев к записи Оилавий ажримлар камайишига эришилади нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан «Адолат» СДП фракциясининг позицияси билдирилди.

Оиланинг муқаддаслиги аввало ўзимиз туғилиб ўсган ва кейинчалик ўзимиз барпо этган муҳит эканлигидан ҳам билишимиз мумкин. Унинг замирида бир қатор муносабатлар ётадики, у бутун бир ҳаётимизни ташкил этади. Аммо ҳозирга қелиб, мамлакатимизда ёшларга, ёш оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан самарали фойдалана олмасдан, ўз оилаларини сақлаб қололмай, жар ёқасига келиб қолган оилаларни ҳам фаолиятимиз давомида кўп учратяпмиз. Бунда баъзида ёшларнинг оилавий муносабатлардаги билимсизлиги, зарур кўникмаларга эга эмаслиги, ота-оналарининг ўғил-қизлар ҳаётига аралашиб, келажагини белгилаб бераётганликларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шундай экан, ҳар бир ота-она ўғил ёки қизини турмушга тайёрлаш жараёнида никоҳ ва оиланинг масъулияти, эр-хотинликнинг ҳуқуқ, бурч ва вазифаларидан тўла хабардор ҳамда соғлиқларига ғамхўрлик қилишлари лозим. Зеро, оила – муқаддас даргоҳ. Унинг пойдевори ҳамда жамиятдаги ўрни мустаҳкам бўлиши учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги яраштириш комиссияларининг фаолияти ҳам муҳим ҳисобланади. Ушбу қонун лойиҳасида айнан масаланинг ушбу жиҳатига кўпроқ урғу берилмоқда.

Яраштириш комиссияси томонидан оилавий низоларнинг судга қадар кўриб чиқилиши натижасида кўплаб муаммоли оилаларнинг яраштирилиши ва сақлаб қолинишига эришиш мумкин. Аммо шу кунга қадар судлар ва ФҲДЁ органлари томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилаётган ишлар тўғрисида яраштириш комиссияларига маълумотлар тақдим этилмаслиги оқибатида комиссиялар ажралаётган оилалар ҳақида бехабар қолиши ва уларни яраштириш бўйича чоралар кўриш имкониятидан маҳрум бўлаётган эди. Эндиликда киритилаётган ўзгаришга кўра, суд ва ФҲДЁ органлари томонидан уларнинг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларнинг мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор этиш, шунингдек ушбу комиссияларда юқоридаги ишларнинг муҳокама қилиниши қоидасини белгилаш кўплаб оилаларни, шу жумладан ҳаётий тажрибага эга бўлмаганларини сақлаб қолишга ҳисса қўшади.

Бизнинг “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам фуқароларнинг оила ва маҳаллаларда тинч-осойишта, ҳамжиҳатликда яшашига кўмаклашиш, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини миллий ва маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб этиш орқали маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш масалаларида билдирилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлайди.

Фракциямиз оилавий ажримлар борасида ФҲДЁ бўлими ёки судгача масала етиб бормай, имкон қадар бу масалани унгача ҳал этиш тарафдори, албатта. Лекин айрим ота-оналарнинг тарғибот ишларига қарамай, фарзандларининг бахтига тўғаноқ бўлиб қолаётгани ачинарли. Айниқса, баъзида қайноналар атрофдагиларнинг гапига кириб, ўз фарзандларининг оиласини мустаҳкамлаш ўрнига ўринсиз жанжалларга сабабчи бўлаётгани ачинарли. Айнан ана шундай оилалар билан алоҳида иш олиб боришимиз зарур. Юртбошимизнинг куйинчаклик билан бу масалага жиддий эътибор қаратиш хусусидаги фикрлари ҳам бугун барчамизни янада масъулиятли ва жавобгар бўлишга ундамоқда.

Оилавий муносабатлар жамият ривожланиши ва ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам ушбу масалалар асосий мақсад йўналишлари сифатида белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, келгусида биз фақатгина тарғибот ишлари билан чекланмай, ушбу ўзгаришларни жойларда самарали бажарилишини таъминлаш борасида суд ва ФҲДЁ ходимлари масъулиятини янада ошириш чоралари белгиланиши ҳамда таҳлилини йўлга қўйишимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

Оилавий ажримлар камайишига эришилади was last modified: Сентябрь 25th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »