TTA DAVRA SUHBATI

Қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди

21 Сентябрь, 10:12 • Давра суҳбати, Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 377 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди нет

20 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдори. Партия мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда бугунги кунда ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриб келмоқда.

Партия депутатлари ва фаоллари томонидан алоҳида қайд этилишича, бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса аҳолининг асосий қисмини замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум этмоқда, мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолишига, юқори малакали врачларнинг хорижда ишлашига, қолаверса, валютанинг четга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, партия аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, Вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди ва қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган тадбирлар қаторида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган эди.

Ўтган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон “Адолат” СДП экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади — замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Давра суҳбатида ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

Шунингдек, тадбир доирасида Тошкент тиббиёт академияси тизимида ёш олимлар билан ишлаш амалиёти ҳамда уларнинг ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Матбуот хизмати

Қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди was last modified: Сентябрь 21st, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »