Парламент эшитади

9 Сентябрь, 15:16 • Парламент назорати, Сайловчилар билан учрашувлар, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 110 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламент эшитади нет

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида бўлди.

Маълумки, депутатнинг ҳудудга қилган мазкур ташрифи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент эшитуви юзасидан умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб ҳунар таълими тизимида таълим жараёнини ташкил этишнинг ҳолатини, шунингдек, тиббиёт муассасаларидаги тиббий хизмат сифатини ўрганиш, соҳа ходимларидан ушбу йўналишда фикр ва таклифлар олиш мақадларига қаратилди.

У.Сулаймонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ таркибида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Марифжон Холдаров, раис ўринбосари Қудрат Маткаримов, Қўштепа туман Кенгаши раиси Илхом Қосимжонов, партиянинг тумандаги депутатлик гуруҳи аъзолари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ўрганиш олиб бордилар.

Шу куннинг ўзида тумандаги 5-сонли, 7-сонли, 8-сонли, 12-сонли, 22-сонли ўрта умумтаълим мактаблари, Қўштепа қурилиш ва саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежлари, туман тиббиёт бирлашмаси, туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолияти ўрганилди.

Юқорида ўрганилган умумтаълим мактабларидаги таълим дастурлари, ўқув режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашнинг ҳолати туман миқёсида умумлаштирилганда яхши йўлга қўйилган.

Умид Сулаймонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

Бугунги кунда зарурий фанлардан ҳисобланган аниқ ва табиий фанларини ўқитилишини ташкил этишнинг ҳолати эса улар учун ажратилган ўқув амалиёт хоналари ва янги лаборатор жиҳозларга боғлиқлиги сабабли, бу йўналишда тумандаги ўқитувчилардан кўплаб талаб ва таклифлар келиб тушди.

Тумандаги 5-сонли, 7-сонли, 8-сонли ўрта умумтаълим мактабларида режа бўйича таълим муассасасининг сиғими, жалб этилиши режалаштирилган ўқувчилар сони, ўқув хоналари билан таъминланиши ҳолати ота-оналарни ҳам қониқтириб келмоқда. Лекин 12-сонли, 22-сонли мактабларда стол-стул, доска ва айрим техник воситалар етишмаслиги кузатилди.

Ўрганишда аниқланишича, жорий йилдан бошлаб X синфлар ташкил этилиши муносабати билан моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан замонавий ўқув ва лаборатория асбоблари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, касб-ҳунар ўрганишларини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар кўнгилдагидек амалга ошириб борилмоқда.

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, аксари таълим муассасаларида ичимлик суви билан таъминланиш ҳолати талаб даражасида эмас. “Қумтепа”, “Шаҳартепа” маҳалла ахли билан бўлган суҳбат чоғида ҳам кўпгина қишлоқларда тоза ичимлик суви танқислиги масаласи кўтарилди.

Қўштепа қурилиш ва саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёни қизғин бошлаб юборилган.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ туман тиббиёт бирлашмаси, туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди ва бу ердаги шифокорлар ва ҳамширалар билан жонли суҳбат олиб бориб, соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларини ўргандилар.

Бунда асосан, туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, шифокорлар ва ҳамширалар малакаси, муомала маданияти, малакали кадрлар хизмати,  дори воситалари таъминоти, дорихоналар ҳолати бўйича беморлар фикрлари очиқ ва ойдин ўртоқлашилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун туман ахолисининг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари янада ошган ҳамда ўзининг ишонган вакили – депутати билан туман равнақи йўлида ҳамфикр, ҳамкор бўлишга шайдир.

Гуруҳнинг режа асосида тумандаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Парламент эшитади was last modified: Сентябрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »