Партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаолияти – янги босқичда

6 Сентябрь, 17:03 • Адолат шарҳи, Депутатлик гуруҳи, Наманган вилояти, Янгиликлар • 35 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаолияти – янги босқичда нет

“Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шу йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги ана шу номли маърузасида қўйилган вазифалар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Ўтган қисқа муддат ичида жойларда “Адолат” СДП вилоят, шаҳар, туман кенгашлари томонидан ҳам мазкур йўналишларда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, юқорида зикр этилган анжумандан сўнг кўп ўтмай Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Наманганга ҳам ташриф буюриб, халқ депутатлари кенгашлари, улардаги партия гуруҳлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг, хусусан, “Адолат” СДПнинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари фаолиятини ўрганди. Ана шу жараён давомида кўп жойларда қуйи партия ташкилотларининг моддий-техник негизи талаб даражасида эмаслиги, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш юзасидан етарли чора-тадбирлар кўрилмаганлиги ҳам аниқланди. Депутатлик гуруҳларида ташаббускорлик етишмагани учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар камаймаётганлиги, сайловчиларни ўйлантираётган муаммолар ўз вақтида ечимини топа олмаётгани ҳам тилга олинди. Бунга депутатларнинг талабчанлилиги сустлиги оқибатида уларнинг сўровларига жойлардаги ижроия ҳокимияти органлари ва уларнинг бўлим ҳамда бошқармалари ўз вақтида ва қониқарли жавоблар берилмаганлиги ҳам сабаб бўлган, албатта.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Авазшо Ибрагимов:

Ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган маълумотнома ўшанда вилоят кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилди. Очиғини айтганда, депутатларнинг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини топишга қаратилган фаолияти кескин танқидга учради. Айниқса, тегишли раҳбарларнинг турли масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш, сўнгра қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат остига олиш йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. Партия гуруҳлари ва доимий комиссиялар фаолиятини ҳам жонлантириш зарурлиги қайд этилди. Ана шу каби нуқсонларга барҳам бериш ҳокимият вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилган бўларди.

Айнан ўша сессияда парламент аъзолари томонидан бирон-бир туман халқ депутатлари кенгашининг фаолиятини намунали йшлга қўйиш ва кейинчалик бошқа жойларда мазкур тажрибани кенг қўллаш тўғрисидаги таклиф ўртага ташланди. Бу ўз навбатида кенгаш таркибидаги партия гуруҳлари ва доимий комиссияларга ҳам тааллуқли эди. Албатта, савол туғилиши мумкин: нега айнан Чуст  танланди? Гап шундаки, туман кўп жиҳатдан, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасига кўра вилоятда ўртача ўринларда туради. Бу ерда қирққа яқин саноат корхоналари, 1300 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Лекин аҳолининг аксарият қисми банд бўлган аграр соҳа иқтисодиётда олдин туради. 68 та мактаб, 47 та мактабгача таълим муассасаси, 10 та касб-ҳунар коллежи эса ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланади. Етмишта маҳалла фуқаролар йиғини бор. Бундай катта “рўзғор”ни бошқариш осон эмас. Демак, халқ депутатлари кенгашидан, яъни депутатлардан ҳам одамлар ҳаётини барча жабҳаларда намунали ташкил этиш, иқтисодиёт ва ижтимой соҳани самарали бошқариш учун ғайрат ва шижоат билан ишлаш талаб этилади.

Кейинчалик бу масала халқ депутатлари Чуст туман кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилди. Унда парламент ишчи гуруҳининг аъзолари ҳам иштирок этдилар. Депутатлар олдига тумандаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш юзасидан ташаббускорликни ошириш вазифаси қўйилди. Ички ишлар бўлими, тиббиёт муассасалари, бандлик маркази ва бошқа қатор ташкилотлар фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрганиш долзарб вазифа сифатида белгиланди.

Масаланинг шу тарзда қўйилганлиги ўша сессиядаёқ тасдиқланди. Чунки туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ҳисобот билан чиққанида жуда кўп эътирозлар билдирилди. Депутатлар соҳада аҳолига юқори сифатли хизмат кўрсатишга халақит бераётган жуда кўп камчиликлар борлигини изҳор этдилар. Танқидий фикр ва мулоҳазаларнинг барчаси сессия қарорида ўз аксини топди. Энди унинг ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш лозим.

Халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Шуҳрат Мадолимов:

Туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш масаласи чиндан ҳуам жиддий муҳокамага сабаб бўлди.  Сўзга чиққанлар сайловчиларнинг мурожаатларидан, ўзлари дуч келган ҳолатлардан келиб чиқиб, жуда кўп мулоҳазаларни билдиришди. Уларнинг ҳаммасини умумлаштирганимизда, биринчи навбатда моддий-техник негизни мустаҳкамлаш зарурати борлиги аён бўлди. Айрим ҚВП бинолари таъмирлашга муҳтож. Янги ташкил этилган оилавий поликлиникаларда  яратилган  шароитлар етарли эмас. Патронаж ҳамширалининг аксарияти махсус сумкалар билан таъминланмаган. Кадрлар етишмовчилиги ва қўнимсизлиги мавжуд.

Халқ депутатлари Чуст туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда парламент ишчи гуруҳининг аъзолари ҳам кўмаклашдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси Содиқжон Аҳмедовнинг айтишига қараганда, дастурда ҳар бир соҳада аниқ ва лўнда вазифалар акс этган. Жумладан, сиёсий партиянинг маҳаллий ташкилотлари фаолиятига доир алоҳида бўлим мавжуд. Халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатлик гуруҳи фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам анчагина масалалар бор. Бундан ташқари, биз партиямиз Сиёсий Кенгаши, марказий аппаратидан ҳам зарур йўл-йўриқларни олиб турибмиз. Айниқса, август ойида ўтказилган видеоселектор шаклидаги пленум, сиёсий форум бизга кўп нарса берди. Ишни ана шулар асосида ташкил этилса, ташаббускорлик ва ижодий ёндошув таъминланса, барча вазифаларнинг уддасидан чиқса бўлади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаолияти – янги босқичда was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »