Партиядошимиз етакчилигидаги фермер хўжалиги – пешқадамлар сафида

29 Сентябрь, 17:00 • Адолат шарҳи, Наманган вилояти, Янгиликлар • 98 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошимиз етакчилигидаги фермер хўжалиги – пешқадамлар сафида нет

Ўлкамизда олтин куз. Бугунги кунда далаларни кезган ҳар бир киши фермер хўжаликлари аъзоларининг эрта баҳордан бошлаб пешона тери эвазига етиштирилган мўл пахта ҳосилини ўз вақтида, нобудгарчиликка йўл қўймасдан териб олишга ҳаракат қилаётганликларига гувоҳ бўлади.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ҳам шу кунларда йиғим-терим юқори суръатларда олиб борилмоқда. “Оқ олтин” ҳосилини тез ва сифатли йиғиштириб олишда хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари яқиндан кўмак бермоқдалар. Хусусан, “Алихон” муқобил машина-трактор парки ҳудудида ҳам терим суръати кундан-кунга ошиб бормоқда. Бунда фермер хўжаликлари аъзолари билан биргаликда уюшмаган аҳоли ҳам фаол иштирок этаётгани яхши самара бермоқда. Теримчиларга қулай меҳнат шароитлари яратилганлиги, тушликда иссиқ овқат ташкил этилганлиги, терилган пахта учун тўланадиган ҳақ вақтида берилаётганлиги ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Терим пешқадамлари ҳақида гап кетганда, бу ерда биринчилар қаторида халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати Саидолим Абдураҳмонов етакчилигидаги “Адолат медиа плюс” фермер хўжалиги тилга олинади. Чунки бу жамоа хозиргача шартномавий режани саксон фоиздан орттириб бажариб қўйди. Далада эса ҳали ҳосил кўп. Шунинг учун биринчи теримдаёқ шартномавий режанинг уддасидан чиқишга тўла имконият бор.

Шу ўринда Саидолим Абдураҳмонов салкам ўн йилдан бери “Адолат” СДП аъзоси эканлигини қайд этиш лозим. У мутахассислиги бўйича журналист. Бир неча йил “Адолат” газетаси таҳририятида ҳам мухбир бўлиб ишлаган. Кейинчалик партиямизнинг Наманган вилоят кенгашида раис ўринбосари бўлиб ишлаган. 2014 йилда халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашига депутат бўлиб сайланган эди. Шундан бери ушбу кенгашдаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳига ҳам етакчилик қилади.

 – Мен аслида қишлоқ хўжалиги ходими эмасман, — дейди у. – Лекин болалигимдан даладаги меҳнатнинг аччиқ-чучугини татиб кўрганман. Шунинг учун уч йил аввал фермер хўжалиги ташкил этиб, ўзимни деҳқончиликда синаб кўрмоқчи бўлдим. Асосан ғаллачилик ва пахтачилик бўйича фаолият олиб борамиз. Ҳозиргача бирон марта шартномавий режани уддаламай қолмадик. Бу йилги буғдойдан ҳам мўл ҳосил олдик. Белгиланганидан 20 фоиз кўп ҳосилни давлат омборларига топширдик. Энди эса етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда териб олиш чораларини кўрмоқдамиз.

Мазкур фермер хўжалиги аъзолари 42,1 гектар майдонда деҳқончилик қиладилар. Шундан 14,4 гектарига пахта экилган. Ўз вақтида ва сифатли амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида мўл ҳосил етиштирилди. Пахта теримини  уюшқоқлик билан олиб бориш чоралари кўрилганлиги туфайли хирмон тобора юксалмоқда. Шаҳодат Ҳожиева, Холисхон Сайдалиева, Шарофат Сулаймонова  каби теримчилар бир кунда ўртача 140-180 килограммдан пахта териб топширмоқдалар. Пешқадамлар меҳнати муносиб рағбатлантириб борилмоқда.

Фермер хўжалиги пахтакорлари бугун-эрта зафар маррасини эгаллашни мўлжалламоқдалар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Партиядошимиз етакчилигидаги фермер хўжалиги – пешқадамлар сафида was last modified: Сентябрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »