Партиядошларимиз ташаббуси: Истиқболли лойиҳалар

5 Сентябрь, 15:54 • Адолат шарҳи, Андижон вилояти, Янгиликлар • 27 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошларимиз ташаббуси: Истиқболли лойиҳалар нет

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами Андижон шаҳри аҳолиси учун қўшалоқ шодиёналарга бой бўлди. Сабаби, байрам тадбирлари янги лойиҳа асосида барпо этилган ишлаб чиқариш корхоналарининг фойдаланишга топширишга бағишланган тантаналарга уланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон шаҳридаги собиқ машинасозлик заводи ўрнида йўлга қўйилаётган янги лойиҳалар билан танишиш баробарида бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаган эди. Орадан ўтган вақт мобайнида ана шу истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада таъмирлаш ва жихозлаш ишлари якунланиб, бир қатор корхоналар ўз фаолиятини бошлади. Янги ташкил этилган корхоналарда йигирмадан ортиқ Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари иш билан банд бўлдилар.

Янги объектларнинг очилишига бағишланган тантанада сўз олганлар, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш ва соҳага бўлган эътибор хусусида гапирдилар. Биргина ана шу саноат ҳудудида ташкил этилган корхоналар ҳисобига маҳаллий махсулот ишлаб чиқариш сурати кескин ўсиши, иқтисодиётимизнинг юксалиши ва энг муҳими, янги иш ўринлари яратилаётганлиги таъкидланди.

Тадбиркор Муроджон Тўхтасинов раҳбарлигидаги “Саркор юксак ривожи” масъулияти чекланган жамияти 2009 йилда ташкил топган. Корхона ўз жойига эга бўлмагани сабаб, атиги 5 нафар ишчи билан фаолият юритар эди. Нолъ қийматда фойдаланилмай турган бинонинг берилиши жамоани ташаббусга бошлади.

Қисқа вақтда 1 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди, Хитой давлатидан 10 та замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Бу билан қўшимча 15 та иш ўрни яратилди.

— Илгари фаолиятимиз фақат замонавий эшик ва ромлар ишлаб чиқаришдан иборат эди,- дейди партиядошимиз,- Янги лойиҳага кўра 5 турдаги импорт ўрнини босувчи тиббиёт жихозлари тайёрлашни ҳам ўзлаштирдик. Ҳар ойда ўртача 500 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз.

Эътиборлиси, корхонада яратилган иш ўринларига тўла коллеж битирувчилари ишга олинди. Бу айни вақтда янги ғоялар, ташаббус ва изланиш демакдир. Фаррухбек Неъматов, Муҳаммаджон Собитхонов, Дилшодбек Нуралиев ва Отабек Темировлар компъютерлашган дастгоҳларни бошқариш баробарида сифатга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Партиядошларимиз ташаббуси: Истиқболли лойиҳалар was last modified: Сентябрь 5th, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »