ПРЕСС-РЕЛИЗ

6 Сентябрь, 15:32 • Пресс-релизлар • 40 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС-РЕЛИЗ нет

2017 йил 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил I ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди.

Қуйи палата депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,0 фоизга, саноат ҳажми – 7,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги хажми – 5,8 фоизга, хизматлар ҳажми – 11,6 фоизга, чакана товар айланмаси хажми – 11,1 фоизга ўсди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 5,2 фоизни ташкил қилди.

Фракция аъзолари ҳисобот даврида Давлат бюджетининг ижроси Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларини бажаришга, хусусан, харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолган ҳолда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлашга қаратилганлигини эътироф этдилар. Бош молиявий ҳужжат ижросини бандма-банд муҳокама қилиш асносида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар муҳокамалар марказида бўлди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 55,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 62,4 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 7 751,5 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Хусусан, таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига 2017 йилнинг I ярим йиллигида биринчи даражали эътибор қаратилди.

Таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама этиш чоғида, шунингдек, партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари томонидан алоҳида муҳокама қилинди.

Илм-фанни ривожлантиришга ҳисобот даврида 103,1 млрд. сўмлик маблағлар ажратилган бўлиб, жумладан, давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга – 74,4 млрд. сўм, ноёб объектлар ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига – 21,1 млрд. сўм ҳамда илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга 7,6 млрд. сўм йўналтирилди.

Депутатлар соҳага йўналтирилган маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.

Фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу мақсадларга ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,2 фоизи йўналтирилганлиги аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, соҳага йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама қилиш жараёнида фракция аъзолари ўз сайлов округларидаги амалий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарининг керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминланиши, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этдилар.

Фракция аъзолари ушбу соҳаларга ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори таълим ва тиббиёт муассасаларида молиявий шаффофлик таъминлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муасасаларига қамраб олиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда туманларни субвенциядан чиқариш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам фракция аъзолари томонидан алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари жорий йил бошидан буён сайлов округларида олиб борган фаолиятлари давомида Давлат бюджетидан соҳаларга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши борасида аниқланган камчиликлар ҳамда фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига ўз савол ва таклифларини йўллаганларини маълум қилдилар.

Йиғилиши якунида Ўзбекистон «Адолат» СДП нуқтаи-назаридан келиб чиқадиган таклиф ва тавсиялар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил I ярим йиллик якунлари бўйича ҳисобот фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

ПРЕСС-РЕЛИЗ was last modified: Сентябрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »