Самарали учрашувлар

11 Сентябрь, 15:16 • Қашқадарё вилояти, Парламент назорати, Янгиликлар • 143 марта кўрилди • Комментариев к записи Самарали учрашувлар нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент эшитувига тайёргарлик юзасидан умумий ўрта таълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида таълим жараёнини ташкил этишнинг холатини депутатлар томонидан 8-10 сентябрь кунлари жойида ўрганиб чиқилди. Ушбу ўрганишлар жараёнида таълим ва тарбия муассасаларида бир қатор ютуқлар билан биргаликда камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Мулоқотларда таълим дастурлари, ўқув режалар, ўқув услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминланиш ҳолати ўрганилди.

Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов Миришкор туманидаги 38-мактабда бўлиб,  ўз иш режасига асосан  ҳақиқий аҳволни зимдан ўрганиб чиқди. Мактаб директори Исмоил Ражабқуловнинг маълум қилишича, 10-синфлар учун дарсликлар етишмаяпти. Бундан ташқари, мактаб лабораториялари зарур ўқув асбоблари билан таъминланмаган. Физика фани ўқитувчиси Акбарали Султонов билан мулоқот уюштирилганда, у:

-Шу илм масканида анча йиллардан буён физика фанидан ёш авлодга сабоқ бериб келаман,- деди Акбарали Султонов.- Бу йил 10 синфларга 18 нафар ўқувчига дарс бераяпмиз. Шуларнинг 10 нафари дарсликлар билан таъминланган. Биласиз,  физика фанида машғулотлар  кўпроқ тажриба тариқасида олиб борилса фойдали ва қизиқарли бўлади.  Аммо лаборатория хонамизга шароит йўқлиги учун  зарур пайтида турли усулда дарсларни тажрибалар асосида қизиқарли ўтишнинг имкони бўлмаяпти.

Партиядошимиз Жамшид Пирматов ушбу таълим масканида юқоридаги камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб олди.

Миришкор маҳалласидаги 17-мактабгача таълим муассасасида айни кунда қайта реконструкция ишлари амалга оширилаётган экан. Ажратилган 858 миллион сўм маблағни ўзлаштириш, қурилиш ишларини сифатли олиб бориш юзасидан “Гулрангкомплексқурилиш” компанияси бунёдкорлари катта ҳажмда ишларни амалга ошмирмоқдалар. Боғча 140 ўринга мўлжалланган. Боғча мудираси Ситора Ярашева билан суҳбат ўтказилганда у қурувчиларнинг меҳнатидан ва давлатимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан мамнун эканлигини изҳор қилди.    Шунингдек, тумандаги озиқ-овқат касб-ҳунар коллежида ҳам  таълим-тарбия, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришнинг аҳволи билан танишган партиядошимиз бу ерда  келажагимиз ворислари учун яратилган имкониятлардан қониқиш ҳосил қилди. Ўқитувчилар  Ғайрат Ражабов, Ортиқ Қурбоновлар билан юзма-юз мулоқот уюштирилганда ўқитувчилар коллежда  ёш авлодга замон талаби даражасида билим бериш, касбга йўналтириш учун зарур  қулайликлар борлигини маълум қилдилар.

Тумандаги 20-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида эса бирмунча муаммолар борлиги ўрганишлар жараёнида кўзга ташланиб қолди. Энг ачинарлиси, бу йил, 10-синфга 38 нафар бола қабул қилингани холда, халигача шуларнинг бор йўғи 4 нафари керакли дарсликлар билан таъминланганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Мактабнинг спорт зали 2011 йилдан буён авария ҳолатида бўлганлиги сабабли бу ерда машғулотлар олиб борилмаган. Илм маскани  маъмурияти мазкур ҳолат юзасидан бир неча маротаба тегишли мутасадди идораларга ёзма равишда мурожаат қилишган бўлсада, аммо муаммо ўз ечимини топмаган. Партиядошимиз ушбу нохуш ҳолатни ўз жойида мукаммал ўрганиб, вилоят ташкилотлари билан камчиликни белгиланган муддатларда бартараф этиш юзасидан келишиб олди. Мутасаддиларга  амалдаги қонун ҳужжатлари асосида керакли  тушунтириш ва кўрсатмалар берди.

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати билан ҳам танишди. Кўпчилик фуқаролар асосан дори-дармонларнинг бироз қимматлигидан шикоят қилишди. Туман тиббиёт бирлашмасида эса беморлар учун яратилаётган қулайликлардан даволанувчилар мамнун эканликларини очиқ ошкора маълум қилдилар. Айниқса, тиббиёт бирлашмасининг болалар, ички касалликлар ва шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида беморлар учун яратилган қулайликлар Ж.Пирматовнинг  эътиборини тортди.  Ушбу бўлимларда барча шароитлар мухайё этилган. Бепул дори-дармон, уч маҳал иссиқ овқат бор. Яқиндагина шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими энг замонавий  янги автомашина билан таъминлангани барчани хушнуд этди.

-Дарҳақиқат, туманимизда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилмоқда,-дейди партиянинг Миришкор туман Кенгаши раиси Саодат Очилова.- Мана бугунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганишларда ҳам бу ҳолат яққол кўзга ташланди. Барча тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган шифокорлар ва ҳамширалар билан сухбатлашиб, соҳадаги ютуқлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан  депутатларимиз тегишли тавсияларини беришди.  Бўлимларда беморлар билан суҳбатлашилганда ҳам тиббий хизмат сифати, шифокорлар ва ҳамшираларнинг намунали хизматидан мамнун эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг кадрлар ва  дори воситалари билан таъминланиши ҳам шу кун  талаби даражасида эканлиги аниқланди.

Фракция аъзоси партиядошимиз Жамшид Пирматовнинг вилоятимиздаги Миришкор, Нишон туманлари сайловчилари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотлари ғоят самарали ва фойдали бўлди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Самарали учрашувлар was last modified: Сентябрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »